UzAuto Motors автомобилларини четдан олиб киришда божни бекор қилиш таклиф қилинди
Жамият
−
10 Май 2020
20693Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган енгил автомобилларни хорижда сотиб олиб, мамлакатга олиб киришда бож тўловларини олиб ташлаш таклиф қилинди. Бу ҳақдаги петиция “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида жойлаштирилди.
“Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган енгил автотранспортлар экспорт қилингандан сўнг ўша автомобилларни юртимизга қайта олиб киришда бож тўловларини бекор қилиш мақсадга мувофиқ. Хорижда ишлаб чиқарилган (иномаркалар) автомобилларга бож тўловлари ўзгармасдан қолаверсин”, дейилади мурожаатда.
Мурожаат муаллифининг фикрича, ташқи бозор нархида миллий автомобилларни сотиб олиш пул айланмасини бир неча маротаба оширади.
“Халқимиз арзон нархларда автомобилларга эга бўлади. Бундан ташқари, миллий маҳсулотимизни харид қилиш кўрсаткичи ҳам ортади”, дейди петиция муаллифи.
Юқорида келтирилганларни ҳисобга олган ҳолда, UzAuto Motors АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган енгил автомашиналарни четдан олиб киришда бож тўловлари бекор қилиниши таклиф қилинган.
Қайд этиши керакки, ушбу петиция аллақачон керак бўлган 10 000 овозни йиғиб бўлган. Ҳозирда мурожаат тегишли давлат органи томонидан кўриб чиқиш жараёнида.
Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors компанияси 9 март куни ўзи ишлаб чиқараётган (йиғаётган) енгил автомобиллар нархини модель ва модификациясига қараб 3 фоиздан 21 фоизгача оширган эди. Нархларнинг бу қадар кескин ошиши халқ орасида кескин норозиликларни келтириб чиқарганди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси UzAuto Motors’нинг автомобиллар нархини оширганини кескин қоралаб чиққан, Шавкат Мирзиёев ҳам автомобиллар нархи қимаматлашганини танқид қилганди. Монополияга қарши кураш қўмитаси UzAuto Motors АЖ енгил автомобиллар нархларини оширгани юзасидан баёнот берганди.
LiveБарчаси