Давлат томонидан вақтида иш ўринлари яратилмади – Ортиқова

Жамият

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари, собиқ Сенат раиси ўринбосари Светлана Боймирзаевна Ортиқова мамлакатдаги ишсизлик муаммоси, бунинг ортидан келиб чиққан жиноятчиликда ўзини ҳам айбдор ҳис этади. Бу ҳақда у бугун, 11 декбарь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Президент Фармони ижроси юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди. 

“Жиноят йўлига кирган шахслар пайдо бўлишида шахсан ўзимнинг ҳам айбим бор деб ҳисоблайман. Нимага? Давлат томонидан вақтида иш ўринлари яратилмади. Ёки қўни-қўшни, яқинларим ҳолидан хабар олмагандирман. Ёмон йўлга кираётган ёшларни бу йўлдан қайтармагандирман. Инсон жиноятчи бўлиб туғилмайди. Бундай бўлиб ўсишига атроф-муҳитнинг, бефарқликнинг ҳиссаси катта бўлади.

Бефарқ бўлмайлик. Болани ёшликдан тарбия қилиш керак. Унга алоҳида эътибор бериш зарур. Фарзандларимиз кўпроқ китоб ўқиши лозим. Китоб берилган қўл қурол олмайди”, дейди Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова.
 
Унга кўра, жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган 575 нафар шахслар афв этилиб, шундан 361 нафари жазодан озод этилди ва 214 нафарнинг ўталмаган жазо муддати 1/4 қисмига қисқартирилган.

Улардан 257 нафарига паспортларини муддатлари тугаганлиги, йўқолганлиги ҳамда яроқсиз ҳолга келганлиги сабабли биометрик паспортлар берилди. Шу билан бирга, 1 нафар чет эл фуқаросига ҳамда 1 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистонда доимий яшаш гувоҳномаси расмийлаштирилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда афв этилганларнинг 361 нафари тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрик хулосаси асосида уларнинг 24 нафарига даволаш муолажалари олиб борилиб, сил касаллигига чалинган 1 нафар шахс Тошкент шаҳар Олмазор тумани силга қарши курашиш диспансери ҳисобига олинди ва белгиланган даво муолажалари давом эттирилмоқда. Шунингдек, 6 нафар шахсга нафақа тайинланди.

Афв этилган шахсларга маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги “Махсус комиссия”лар ва “Ижтимоий кўникма марказ”лари томонидан 419,8 млн сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.

Меҳнатга лаёқатли бўлган 326 нафар шахслардан, 315 нафари ишга, 10 нафари ўқишга жойлаштирилди.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги муносабати билан “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолаганди. Фармонга кўра, жиноий қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 92 нафар маҳкум афв этилиб, улар эркин ҳаётга қайтарилди.

Давлат раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституция қабул қилинганлигининг 27 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимдаги нутқида, афв этиш борасидаги фармонлар, шунингдек Жаслиқ қўрғонидаги колониянинг ёпилишига тўхталиб, шундай деган эди: \

“Сўнгги йилларда жиноят содир этган шахсларни афв этиш бўйича 8 та фармон қабул қилиниб, 4 мингдан зиёд шахс жазони ўташ жойларидан озод қилинди. Ана шу ишларимизнинг мантиқий давоми сифатида куни кеча навбатдаги фармонга имзо чекдим. Унга биноан жиноий қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 92 нафар маҳкум афв этилиб, улар эркин ҳаётга қайтарилади.

Бу йил Жаслиқ қўрғонидаги жазони ижро этиш колониясини ёпганимиз ҳам ана шундай инсонпарвар сиёсатнинг амалий намунаси бўлди. 

Озодликдан маҳрум этилган шахсларга пенсия ва ижтимоий суғурта тўлаш тартиби биринчи марта амалиётга киритилди. Натижада манзил-колонияларда жазони ўтаётган пенсия ёшидаги 709 нафар маҳкумга пенсия пуллари тўлаб берилмоқда”.


Мақола муаллифи

Теглар

Бош прокурор Светлана Ортиқова

Баҳолаганлар

41

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг