Бир вақтда ҳам ҳоким, ҳам сенаторлик қийин эмасми? – Ҳокимлар ўртасида ўтказилган сўровнома (видео)
Интервью
−
19 Декабрь 2019
10286Олий Мажлис Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлиси ўтказилган кун вилоят ҳокимлари ўртасида сўровнома қилганимизни маълум қилгандик. Бугун унинг иккинчи қисмини эълон қиламиз. Унда савол шундай қўйилган: “Ҳам вилоят ҳокими, ҳам сенаторлик қийин эмасми?”. Вилоят ҳокимлари бу саволга шундай жавоб беришди.
Шуҳрат Абдураҳмонов, Андижон вилоят ҳокими:
– Олий Мажлисда, Сенатда ҳудудларни ривожлантиришга, халқимизни рози қилишга боғлиқ масалалар кўрилади. Агар мен бу ерда қатнашмасам сенатор сифатида, ҳудудимдаги муаммоларни мен биламан-ку. Чиқарилаётган қарорлар қанчалик мослигини вилоят ҳокимидан яхшироқ биладиган одам бўлмаса керак. Шунинг учун ҳам (вилоят ҳокими) сенатор бўлгани тўғри бўлган.
Зоир Мирзаев, Қашқадарё вилоят ҳокими:
– Масъулият, жавобгарлик жиҳатидан, топшириқнинг талаб жиҳатидан такрорланиш бор. Қийинлик эмас, такрорланиш бор. Бу қийинчилик туғдирмайди. Биринчидан, бу раҳбарга қулай. Ўзига шароит қилиб, шунга яраша топшириқ олади. Топшириқни муддатини талаб қилиш нуқтаи-назаридан озмунча такрорланиш бор ва иккинчи масала масъулиятни енгиллаштириб қўйиш ҳолатлари бор. Албатта, бу нарса назарда тутилган Президентимиз томонидан назарда тутилган ва ўзининг йўлини вақти келиб топади.
Ғофур Мирзаев, Сирдарё вилоят ҳокими:
– Қийинчилик туғдирмайди. Чунки, ўзимизнинг ҳудуддаги масалаларни ҳам қўйиш имкониятига эга бўламиз. Иккинчидан, мана шу ҳудудда бўлаётган ишларни Сенатнинг йиғилишида ўзимизнинг ҳисоботимиз бор. Бу ҳисоботда қилинган ишлар билан биргаликда кўпроқ камчилик ва муаммоларни ҳам қўйиш имкониятига эга бўламиз. Бу албатта ўзини ижобий натижасини бермоқда.
Фарҳод Эрманов, Хоразм вилоят ҳокими:
– Барибир жамиятимиз ривожланишида кейинчалик бўлинса керак. Ҳозирча унчалик қийин деб ҳам бўлмайди, осон деб ҳам бўлмайди. Иккаласини ҳам бажаришга ҳозир тўғри келиб турибди.
Тўра Боболов, Сурхондарё вилоят ҳокими:
– Ижро ҳокимияти сифатида бу қийин, десак нотўғри бўлади. Ҳаммаси ижро интизоми бўйича қаттиқ ишлаймиз. Талаб жуда қаттиқ. Шунинг учун ўйлайманки, бугун вазифа бизнинг зиммамизга юклатилган. Ҳаммасида тарозини тортсангиз, қийинчилик бўлмайди.
Эркин Турдимов, Самарқанд вилоят ҳокими:
– Йўқ, қийин эмас. Умуман олганда, ҳокимнинг вазифасининг бўйнига жуда катта масъулият дегани. Халқнинг дарди, ташвиши, шунинг ўзи сенаторлик билан уйғунлашиб кетади. Иккаласи қарийб бир нарса. Ҳам кенгашни раиси, ҳам вилоят кенгаши депутатимиз. Мана шу нарсани оладиган бўлсак, сенаторларнинг кўпи ҳам депутатлардан сайлаб олинади, танлаб олинади. Президент қарори билан, фармони билан 16таси тайинланади. Шу нуқтаи назардан ҳам депутатмиз, ҳам сенатормиз.
Қобул Турсунов, Навоий вилоят ҳокими:
– Менимча бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Буни қийинчилик жойи йўқ.
Хайрулла Бозоров, Наманган вилоят ҳокими:
– Иккаласи ҳам масъулиятли. Елкада жуда катта масъулият. Биринчиси, ижро бўйича шахсан ўзингиз масъулсиз. Барча қонунлар ижросига, Президентимиз фармонлари, қарорлари ижросини таъминлаш, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий вазият, барқарорлини ушлаб туришга масъулсиз. Иккинчидан, барибир кенгашнинг раҳбари сифатида жойида баҳамжиҳатлик, аҳиллик, бир ёқадан бош чиқариш учун аҳамиятга эга. Лекин келажакда барибир кенгашнинг алоҳида бўлиши аниқ. Бунга босқичма-босқич ўтамиз. Бугун вазифа нуқтаи-назардан иккаласи елкамизда экан, барибир бажарамиз.
Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев эса шу ва бошқа саволларимизга жавоб беришни хоҳламади. Очиқлик сиёсати Президент томонидан таъкидланишига қарамай, ҳокимнинг жавоб беришдан бош тортиш сабаби эса ҳалигача номаълум.
Бошқа саволларга ҳам уларнинг жавобларини тез орада эълон қиламиз. QALAMPIR.UZ’ни кузатиб боринг.
LiveБарчаси