... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Икки қўлидан айрилган Ғайратжонга протез-қўллар керак


19:31, 19.08.2017 Жамият
 11 337

Шу ўринда қайд этиб ўтиш керакки, Ғайратжоннинг бошига тушган бу кулфат дард устига чипқон бўлди. Гап шундаки, у туғма гипоспадия билан касалланган бўлиб, муваффақиятсиз кечган қайта-қайта жарроҳлик амалиётларидан сўнг аҳволи янада оғирлашган эди.

Юзига фотиҳа тортаркан ёши улуғларимиз “Тўрт мучанг соғ бўлсин, Ўзи паноҳида асрасин” деган ниятни айтишдан чарчашмайди. Аслида ҳаётнинг мазмуни, гўзаллиги ҳам шу икки ният ортига яширингандек.

Инсон эртаси тугул, бир сониядан сўнг нималар бўлишини билишдан ожиз экан, қўл очиб яхши ниятлар ижобатини сўрайверишдан бошқа иложиси ҳам йўқдек гўё. Аммо бу билан биз эътиборсизлик, эҳтиётсизлик, лоқайдликка йўл қўйишимиз мумкин дегани эмас. Зеро, инсоннинг ҳаёт тақдири, бошига тушгувчи яхши ва ёмон кунлари кўп жиҳатдан унинг қилаётган амалларига боғлиқдир. 
 
Бахтсиз ҳодисами ёки тақдир тақозоси биланми наманганлик Ғайратжон Назаровнинг ҳам умр йўли кутилмаганда тубдан ўзгариб кетди. Тирикчилик ташвиши билан Андижонда ҳалол меҳнат қилиб юрган Ғайратжон иш вақтида фалокатга йўлиқди. Ақлсиз темир ускуна унинг иккала билагини ғажиб олди. Аммо Ғайратжон тақдирнинг ҳукмига рози бўлиб, унга тан берадиган ёшда эмас. Эндигина 35 ёшни қоралаган қаҳрамонимиз оила қуриб, дадасининг вафотидан сўнг муштипар онасининг хали битмаган ярасига малҳам бўлмоқчи эди. Аммо аччиқ тақдир уни камолотга етган даврида оғир синовларга ташлади.


 
Ғ.Н.: Оилада беш фарзандмиз, барча ака-ука, опа-сингилларим оила қуришган. Ўтган йили отам бандаликни бажо келтирди. Онам нафақада. Унга ғамхўрлик қиладиган пайтимда, афсуски, тақдир ўзимни яна онамга қарам қилиб қўйди. Андижонда меҳнат қуроллари ишлаб чиқарадиган цехда ишлар эдим. Шу йилнинг 23 март куни, соат тахминан 11 ларда мудҳиш воқеа содир бўлди. Мен ишлайдиган ускуна иккала билагимни ғажиб олди. Ҳушимга келганимда шифохонада эдим, қўлларим эса билагидан айрилган эди. 5 кун Андижон вилоят тиббий реаблитация шифохонасида ётиб, сўнгра Наманганга, уйга қайтиб яна бир мунча вақт даволандим. 
 
Савол:  Нима деб ўйлайсиз, ушбу бахтсиз воқеага нима сабаб бўлди?
 
Ғ.Н.:  Биласизми, ушбу воқеа содир бўлишидан 3 кун аввал шифохонада қорин оғриғи билан даволанган эдим. Ўшанда кечки маҳал қандайдир куч икки қўлимдан орқа томонга қаттиқ тортди. Қўрқувдан  овозим ҳам чиқмай қолди. Ўзимга келиб қўлларимни ушлаганимда билакларим қизиб кетганини ҳис қилдим. Лекин бу ҳақда ҳеч кимга айтмадим, орадан 3 кун ўтиб эса билакларимдан бутунлай айрилиб қолдим. Ўша куни “станок” кўзимга ўчиқдек кўринди ва мен ишонч билан унга қўлимни теккизганим эсимда, аслида эса бутунлай тескариси бўлиб чиқди. Мен, ишлаб турган тиғга қўлларимни тиқиб олган эканман.
 
Савол: Ғайратжон, албатта бошингизга оғир савдо тушибди, лекин бугун тиббиёт анча ривожланган, наҳотки қўлларингизни тиклашнинг иложи топилмаган бўлса?
 
Ғ.Н.:  Андижон вилоят тиббий реаблитация шифохонасининг Жонлантириш бўлимида қўлларимни тиклашнинг имкони йўқлигини айтишди, улар ҳаддан зиёд мажағланиб кетган экан. Шунинг учун кейинчалик Тошкентга бориб протез қўл ўрнатадиган клиникага мурожаат қилдим. Ишхонамнинг моддий кўмаги билан ҳар бири 1,200 АҚШ доллари бўлган сунъий қўлларга буюртма бермоқчи ҳам бўлдим, бироқ уларнинг кўп ҳаракатларни бажара олмаслигини билгач, бу қарордан қайтдим. Хорижда даволаниш учун эса анча маблағ керак экан. Айтишларича, Германияда замонавий протез қўллар 57минг АҚШ доллари турар экан. Менда эса бундай маблағ йўқ.
 
Савол: Ёрдам сўраб мутасадди ташкилотларга мурожаат қилмадингизми?
 
Ғ.Н.:  Албатта, мурожаат қилдим, жумладан Норин туман ва Наманган вилоят шифохоналарига, туман ҳокимлигига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасига ёрдам беришларини сўраб бордим, аммо...
Энди барча умидим яқинларим, танишларим ва саҳоватпеша ҳамюртларимиздан.


 
Шу ўринда қайд этиб ўтиш керакки, Ғайратжоннинг бошига тушган бу кулфат дард устига чипқон бўлди. Гап шундаки, у туғма гипоспадия билан касалланган бўлиб, муваффақиятсиз кечган қайта-қайта жарроҳлик амалиётларидан сўнг аҳволи янада оғирлашган эди. Энди эса етмаганидек икки қўлидан ҳам айрилди. Ўзининг айтишича, кейинги вақтларда Яратгандан “Ишимдан ва ота-онамдан айирма, бошқа йўқотадиган нарсам йўқ бу дунёда” деб, кўп бора нола қилган экан. 

“Ким билсин, бу ўша ўйламай қилган ниятимнинг жазоси-ми, ахир соғлиғимиз бу энг катта бойлигимиз-ку, аммо инсон кўп нарсани йўқотгандан кейингина қадрини билар экан”, дейди кўзларида қалқиган ёшни беркитишга уринган Ғайратжон.
 
Ўзбек ҳалқи доимо меҳрибонлиги билан шуҳрат қозониб келган. Орамизда саҳоватпеша, бошқаларнинг тақдирига ҳам бефарқ бўлмаган, савоб қилиш ниятида сабаб излаб юрадиган пок ниятли кишилар, ҳомийлар, меҳридарё инсонлар кўплаб топилади. Агар сиз ҳам Ғайратжонга ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлсангиз, қуйида унинг мобил телефон рақами ва банкдаги ҳисоб рақамини келтирамиз.
                                                                                                                                                    
Банкдаги ҳисоб рақами: 22617000999049213500
Мурожаат учун телефон: (+998 90) 142-83-85
 
Шу ўринда мутасадди ташкилотлардан яна бир бор Ғайрат Назаровнинг масаласига жиддийроқ эътибор беришларини сўраб қоламиз.
Ушбу материални тайёрлашда яқиндан кўмак берган “Менинг юртим” телеканалига миннатдорлик билдирамиз.
Бахтиёр Мирсоат

Теглар:Ғайрат Назаров протез моддий ёрдам 

Дўстларингиз билан бўлишинг:


Изоҳлар




Изоҳлар

Мирзохид
11:37 21.08.2017

Банк МФО сини Банк номини ёзингда



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар