ИИВ Избосканда масъулларнинг тошбўрон қилиниши бўйича изоҳ берди
Жамият
−
10 Май 2019
15181Ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг булдозер йўлига туриб олиб, уйи бузилишига қарши чиқаётгани, ҳамда бузиш учун келганларни тошбўрон қилаётгани тасвирланган видео тарқалди.
Мазкур видеолавҳа юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати расмий ахборот берди. Қайд этилишича, ҳолат Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилган.
Вазирлик ахборотида фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро судининг 2017 йил 21 декабрь куни даъвогар Избоскан тумани “Узункўча” маҳалла фуқаролари йиғини, Мадраса кўчаси 36-уйда яшовчи, 1955 йилда туғилган Каримова Махсудахонни, жавобгар Избоскан тумани “Узункўча” маҳалла фуқаролари йиғини, М.Болтабоев кўчаси 20-уйда яшовчи фуқаро Обиджон Маматожиев ва бошқаларга нисбатан “Ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни буздириш, ноқонуний эгаллаб олинган ер майдонини даъвогарга қайтариш, жавобгарларни мажбурий тартибда кўчириш, мерос мулкини натура ҳолда ундириш ҳақида”ги даъво аризаси бўйича юритилган фуқаролик иши кўриб чиқилгани таъкидланган.
Суднинг 2018 йил 11 январь кунидаги ҳал қилувчи қарори ва шу куни ижро варақасига кўра, Избоскан тумани “Узункўча” МФЙ, Ойдинҳаёт (собик М.Болтабоев) кўчасидаги низоли 1 389 кв м ер майдонида жойлашган 20-уйга жавобгар Обиджон Маматожиев томонидан ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой, айвон ва бостирма қурилмалари жавобгар ҳисобидан мажбурий тартибда ёки даъвогар томонидан буздирилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 89-моддасига мувофиқ, суд ижрочисининг суд ижро варақаси юзасидан бўлган талабларни Ўзбекистон Республикасидаги фуқаролар, барча давлат идоралари ва бошқа мансабдор шахслар бажаришга мажбурлиги, шунга кўра, суд бу ишга алоқадор бўлган барча мансабдор шахслардан ва фуқаролардан суд қарорларини аниқ ва ўз вақтида бажаришларини ва суд қарорларини бажараётган суд ижрочиларига қонуний ёрдам кўрсатишлари талаб этилиши белгилаб қўйилган.
Шунга кўра, Мажбурий ижро бюроси Избоскан тумани бўлимининг 2019 йил 2 май кунги ижрони амалга ошириш ҳақидаги 9899-сонли хатига асосан, ФИБ Избоскан туманлараро судининг 2018 йил 11 январь кунги ҳал қилув қарори ва ижро варақаси ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 4 май куни соат 11:00 да Избоскан тумани “Узункўча” маҳалла фуқаролари йиғинида жойлашган ноқонуний қурилмани буздириш тайинланган.
Суднинг ижро варақаси ижросини таъминлашга масъул бўлган суд ижрочилари Н.Аҳмаджонов, Избоскан тумани Тиббиёт бирлашмаси ходими Х.Хошимов, ЁХБ ўчирувчиси И.Расулов, “Узункўча” маҳалла фуқаролари йиғини раиси Х.Ҳакимов, маҳалла фуқаролари йиғини котибаси Д.Холмирзаева, маҳалла фуқаролари йиғини мутахассиси Ш.Холматова, туман ИИБ 14-сонли ИИБ бошлиғи майор Т.Ҳасанов, профилактика инспекторлари лейтенантлар У.Ғаффоров, У.Қурбонов ва А.Ибрагимов, профилактика инспектори ёрдамчилари М.Неъматжонов ва Х.Адҳамжонов 2019 йил 4 май куни соат 11:00да Избоскан тумани “Узункўча” МФЙ Ойдинҳаёт кўчасидаги ноқонуний қурилган хонадонда яшовчи, оилали, 4 нафар фарзанди бор, мавсумий ишчи 1975 йилда туғилган Обиджон Маматожиевнинг яшаш хонадонига ташриф буюрган. Фуқарога суднинг ҳал қилув қарори ва ижро варақаси ўқиб эшиттирилиб, ижросини таъминлаш учун хонадонни бўшатиб қўйишлари тўғрисида тушунтирилишига қарамасдан, жавобгар Обиджон Маматожиев ва унинг турмуш ўртоғи Барнохон Маматожиева суд қарори ижросини амалга оширилишига фаол қаршилик кўрсатган.
Жамоатчилик олдида бақир-чақир қилиб, уятли сўзлар билан тадбирга жалб этилган масъулларни ҳақорат қилишган ва қўлига тош олиб, ноқонуний қурилган уйни бузишга жалб этилган махсус трактор ойналарига қарата отишган. Суд ижрочилари ва туман ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаганликлари учун профилактика инспектори лейтенант У.Қурбонов томонидан Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2017 йил 15 мартдаги 55-сонли буйруғи талаблари асосида хонадон эгаси О.Маматожиевга нисбатан қўл кишани солиниб, бу ҳақида туман ИИБ бошлиғи номига билдирги оркали ахборот берилган.
Тадбир давомида фуқаро Обиджон Маматожиев ва унинг турмуш ўртоғи Барнохон Маматожиева томонидан суд ижро варақаси ижросини таъминлашга тўсқинлик қилганликлари ва суд ижрочилари ҳамда ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаганлик ҳолатлари бўйича суриштирув ҳужжатлари олиб борилган. Тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқишлик учун туман прокуратурасига юборилган.
Юқорида қайд этиб ўтилган жараённи фуқаро Обиджон Маматожиевнинг қўшнилари Феруза Холдарова ва Нозима Содиқова мобиль телефони ёрдамида видеотасвирга олганлиги аниқланган.
Тадбир давомида ушбу ҳолатни видеотасвирга олган, 1991 йилда туғилган, турмушдан ажрашган, 1 нафар фарзанди бор, Избоскан тумани Ойдинҳаёт кўчасида яшовчи, Андижон руҳий-асаб касалликлари диспансерида ҳамшира вазифасида ишловчи Ферузахон Холдарова ўзини Мажбурий ижро бюроси ходимлари уриб тан жароҳати етказганлигини маълум қилиб, туман Тиббиёт бирлашмаси ШТЁБга мурожаат қилган.
Мазкур ҳолат туман ИИБда 2019 йил 4 май куни рўйхатдан ўтказилиб, ҳозирда туман прокуратураси терговчиси А.Абдумаликов томонидан Маматожиев Обиджон ва унинг турмуш ўртоғи Барнохон Маматожиевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 ва 194-моддалари билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 2019 йил 10 май куни суд муҳокамасига тақдим қилинган.
LiveБарчаси