Эрдўған АҚШ, Россия ва Францияга “ташланди”: “30 йил давомида бу муаммони ҳал қилмадингиз”

Олам

image

АҚШ, Россия ва Франциядан иборат Минск гуруҳи қарийб 30 йил давомида Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги можарони ҳал қилмади. Тўғрироғи, улар бу муаммони ҳал қилмаслик учун қўлларидан келганини қилишди. Бу ҳақда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 28 сентбярь куни ўтказган йиғилишида айтиб ўтган. 

Эрдўған Туркия барча имкониятлари билан Озарбайжон давлатини қўллаб-қувватлашини билдирди. 

“Арманистон босиб олинган Озарбайжон ҳудудларидан дарҳол воз кечиши билан минтақа тинчлик ва осойишталикка эришади. Бошқа барча келиштирувлар ва таҳдидлар нафақат адолатсизлик, балки қонунга хилоф бўлибгина қолмай, Арманистонни эркалатишдир”, дейди Эрдўған 

Охирги вақтларда Туркиянинг Ўрта ер денгизидаги тортишувлар сабаб Франция билан, Суриядаги можаролар сабаб Россия ва АҚШ билан муносабатларига дарз кетмоқда. Эрдўған бу сафар АҚШ, Россия ва Францияни Тоғли Қорабоғ можаросига кўз юмиб келишда айблади. 

“Энди улар ақл ўргатишяпти, баъзан эса таҳдид қилишяпти. Бу қандай таҳдид? Таҳдид саволи шу: Туркия шу ердами? Бу ерда турк аскарлари борми? Буни айтаётганлар минглаб қурол-аслаҳаларни бизнинг жанубимизга, айниқса Суриянинг шимолига ташиб келтирганлардир. Буни айтаётганлар Суриянинг шимолини вайрон қилиб, бу ерда базалар қурганлардир. Буни айтаётганлар коалиция кучлари билан Сурияга найза улоқтирганлардир. Энди булар келиб бу ерда турк аскарлари борми, Туркия бу ерга қурол юборяптими, деб сўрашяпти. Мантиқни, ақлни қаранг! Гўё Илҳом Алиев биродаримиз уларга ҳисоб беради. У 30 йилга яқин вақт ичида сизларга ҳисоб бериб келди. “Бу муаммони ҳал қилайлик, кечиктирмайлик”, деди. Босиб олинган тупроқлар кимнинг ерлари? Озарбайжонники! Буни ҳаммангиз тан оласиз. Тоғли Қорабоғни тан оласиз. Бу ернинг 1 миллионга яқин аҳолиси ўз заминидан узоқда, Озарбайжонда яшаяпти. Босиб олганлар эса у ерларда. Ҳеч ким бунинг ҳисобини сўрамаяпти. Энди бунинг ҳисобини сўраш вақти келди деган Озарбайжон эса ўз бошига тушган қорни ўзи курашга мажбур бўлмоқда”, дейди Эрдўған.

Эслатиб ўтамиз, 27 сентябрь куни Тоғли Қорабоғда қуролли тўқнашувлар авж ола бошлагандан кейин Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевга қўнғироқ қилиб, Туркия озар халқининг ёнида бўлишини маълум қилди

Сўнгра Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Арманистон Бош вазири Никол Пашинянга қўнғироқ қилиб, Тоғли Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилди ва вазиятдан ташвишдалигини билдирди

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари кеча, 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. Унда мингга яқин ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади

Айни вақтда аксарият мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар икки тарафдан ўт очишни зудлик билан тўхтатиб, музокаралар столига қайтишни сўрамоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Озарбайжон-Арманистон Қорабоғ тўқнашуви

Баҳолаганлар

353

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг