...
МЕНЮ
ONLINE TV

ИИБ ходими таҳқирлаган аёлнинг аҳволи ҳақида маълумот берилди


15:35, 06.07.2018 Жамият
 19 498

Ҳодисага расмий ташкилотлар навбатма-навбат муносабат билдиришяпти.

Мана икки кундирки, Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида ИИБ ходими ва 31 ёшли аёл билан содир бўлган воқеа ижтимоий тармоқларда катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Ҳодисага расмий ташкилотлар навбатма-навбат муносабат билдиришяпти.
 
Зеро, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Каттақўрғонда таҳқирларган аёл воқеасига оид 2 та чиқиш қилди. Эндиликда навбат Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Ҳамротош Шодиевага етиб келди.
 
Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ижтимоий тармоқда қолдирган постида аёл билан шахсан суҳбат қургани ва у руҳан тушкунликка тушмагани ҳақида маълумот берди.
 
“Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳридаги воқеадан барчамиз афсусдамиз. Маънавият, илм-маърифат, маданият соҳаларида нафақат вилоят, балки Республикамизда ўзига хос ўрни ва мавқеига эга бўлган Каттақўрғон, унинг халқи, айниқса хотин-қизлари бундай муносабатга мутлақо лойиқ эмас эди.
 
Воқеа ҳар томонлама ўрганилмоқда, аёл билан эса шахсан суҳбат қурилди. У руҳан тушкунликка тушмаган, қонун устуворлигига ишонади. Айни пайтда суриштирув ишлари олиб борилаётганлиги сабабли воқеа тафсилотларига батафсил тўхталмаймиз.
 
Аммо, шуниси аниқки, айбдорлар қонун доирасида ўз жазосини олади. Ҳали айби исботланмаган кишига, энг ёмони, хотин-қизга нисбатан қилинган бу хатти-ҳаракат миллатимиз шаънига доғ бўлиб тушди.
 
Ушбу воқеа ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда нафақат хотин-қизлар ўртасида, балки жамиятимизда ҳали кўп ишлар амалга оширилиши кераклигини кўрсатиб берди. Воқеа юзасидан аниқ далиллар асосида муносабат билдирамиз”, дея ёзади Самарқанд вилоят хотин-қизлар қўмитаси.
 
Маълумот ўрнида, 31 ёшли Н.Т.ни ўғирликда гумонлаб, уни таҳқирлаб, яланғоч ҳолда видеога олган ИИБ (собиқ) ходими Санъат Умаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўзига қонун билан берилган ваколатлар доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этиши, фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилиши) билан жиноят иши қўзғатилган.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Каттақўрғон Самарқанд 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар