Видео: Мактабдаги камера воқеаси аслида қандай ёхуд вазирлик QALAMPIR.UZ'нинг оғзига “қопқоқ тирамоқчи”

Жамият

QALAMPIR.UZ таҳририятига бир неча кун аввал Тошкент шаҳри, Юнусобод туманидаги 5-сонли умумий ўрта таълим мактабининг жисмоний тарбия кийим алмаштириш хонасида кузатув камералари ўрнатилгани ҳақида хабар ва видео етиб келганди. Бироқ байрам вақти бўлгани учун бу мурожаатни ўрганиш имкони бўлмади.

Бугун, 11 март куни тушга яқин бу масала юзасидан Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати билан боғландик. Матбуот хизмати ушбу ҳолатга ойдинлик киритишини ва бу воқеадан хабари борлигини айтди. Орадан кўп вақт ўтмай, тушдан кейин ХТВ бу ҳақда ёзиб улгурмасимиздан оғзимизга "қопқоқ тайёрлаб", мактабнинг жисмоний тарбия кийим алмаштириш хонасидаги кузатув камераси олиб ташланганини "қаҳрамонларча" эълон қилди. Биз айтгунча вазирликнинг кўзи қаерда эди?

ХТВ хабарида Назорат-ҳуқуқий хизмати 2019 йилнинг 7 март куни мазкур ҳолатни ўрганиб чиқиши натижасида 5-сонли умумий ўрта таълим мактаби спорт залининг ўғил ва қиз болалар кийим алмаштириш хоналарида кузатув камералари ўрнатилгани аниқлангани таъкидланган.

"Текширув натижасига кўра, кийим алмаштириш хоналаридаги камералар демонтаж этилди ва бу каби ҳолатларни олдини олиш борасида барча мактаб раҳбариятига тегишли кўрсатмалар берилди", дейилади хабарда.

Аслида эса кузатув камераларининг олиб ташланишига ота-оналарнинг шикояти сабаб бўлган. Камера олиб ташлангунга қадар эса бир неча вақт мобанида у ишлаб турган ва ундаги қайдлар ҳамон сақланиб қолган.

Ота-оналарнинг кўпчилиги бунга эътироз билдиришига қарамасдан мактаб раҳбарияти, маъмурияти ўзи билганини қилишда давом этган.

Бизнинг қўлимиздаги видео Соғлиқни сақлаш вазирлиги юристи Руслан Муҳаммадиевдан етиб келган. Унинг қизи Юнусобод туманидаги 5-сонли умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олади.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, кузатув камераси айнан қизлар кийим алмаштириш хонасига ўрнатилган. ХТВ баёнотида эса камера ўғил ва қизлар кийим алмаштириш хонасига бирдек ўрнатилгани айтилади.

Мактабларнинг кийим алмаштириш хонасида кузатув камераларининг ўрнатилиши қонунчилик ва "Бола ҳуқуқлари тўғрисида"ги Конвенцияга зид бўлиб, камераларнинг олиб ташланиши билан ишнинг бости-бости қилиниши тўғри бўладими? Мактаб раҳбарияти ва масъулларига тегишли чоралар кўрилса, бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун яхши намуна бўларди.

Ҳа айтганча, директорлар кузатув камераларини ўқувчиларнинг кийим алмаштириш хонасига эмас, ўз хонасига ўрнатса мақсадга мувофиқ бўларди.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб Халқ таълими вазирлиги кузатув камераси

Баҳолаганлар

605

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг