...
МЕНЮ
ONLINE TV

Хитой раиси Си Цзиньпин ўзбекистонлик олимга мамлакат миллий мукофотини топширди


18:33, 11.01.2018 Олам
 2 040

Тадбирда 7 нафар хорижлик олим халқаро илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун тақдирланган.

Ўзбек олими, биохимик, академик Шавкат Солиҳовга Хитойнинг Пекин шаҳрида ўтказилган илм-фан ва техника жабҳасидаги давлат мукофотлари ҳамда “Илм-фан ва технологиялар соҳасидаги халқаро ҳамкорлик – 2017” нуфузли мукофоти соҳиби бўлди. Бу ҳақда “Жаҳон” ахборот агентлиги хабар берди.
 
Шавкат Солиҳовга ушбу давлат мукофотини ХХР Давлат Кенгаши Бош вазири Ли Кэцян топирган.  
 
Маросимда Хитой ХХР Раиси Си Цзиньпин, Давлат Кенгаши Бош вазири Ли Кэцян, Сиёсий бюро аъзолари, Бош вазир ўринбосарлари иштирок этдилар.
 
Тадбирда 7 нафар хорижлик олим халқаро илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун тақдирланган.
 
Ўзбек академиги билан бирга америкаликлар Эдвард Палмер (физик, Луизиана штати университети профессори), Чжан Сучен (Стенфорд университети назарий физика профессори), Ши Ян (Гарвард университети профессори), Томас Спанос (Райс университети профессори), британиялик олим Филип Коатес, швециялик тадқиқотчи Чен Делян сингари таниқли мутахассислар ҳам ушбу мукофотга сазовор бўлдилар.
 
Пекинда бўлиб ўтган мазкур тадбир чоғида ХХР Давлат Кенгаши Бош вазирининг ўринбосари Лю Яндун Ўзбекистон ҳамиша Шарқ ва Ғарб илм-фани ҳамда маданияти ўртасида боғловчи бўғин бўлиб келганини қайд этган. 
 
МДҲ мамлакатлари орасидан Хитойнинг нуфузли мукофотига Шавкат Солиҳовдан ташқари, фақат россиялик физик, “Курчатов институти” Миллий тадқиқот маркази президенти Ё. Велихов сазовор бўлган.
 
Маълумот учун, ушбу мукофот 1995 йилда таъсис этилган бўлиб, дунёнинг турли мамлакатларидан 108 нафар олим ҳамда иккита халқаро ташкилот унинг соҳиблари бўлган. Уни норасмий равишда “Хитойнинг Нобель мукофоти”,  деб ҳам аташади.
 
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби,  оқсил кимёси,  токсинлар ва биотехнологиялар кимёси соҳасидаги машҳур олим Шавкат Солиҳов 2017 йил ноябрида Хитой Фанлар академияси аъзолигига сайланган. У Ўзбекистондан сайланган биринчи, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидан сайланган (россиялик олим, физика бўйича Нобель мукофоти лауреати Жорес Алферовдан кейин) иккинчи олимдир.
 

Теглар:Шавкат Солиҳов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!