“HG-AMMC” МЧЖ қўшма корхонаси қурилишига старт берилди
Бизнес
−
15 Май
6271Маълумки, май ойининг учинчи якшанбаси Ўзбекистон кон ва металлургия саноати ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Олмалиқ кон-металлургия комбинатида касб байрами арафасида Хитой Халқ Республикасининг “Huigong (Hebei) Machinery Group Co., Ltd.” компанияси билан ҳамкорликда “HG-AMMC” МЧЖ қўшма корхонаси қурилишига старт берилди.
Қўшма корхонанинг қурилиш ишларини бошлаш тадбирида Олмалиқ кон-металлургия комбинати раҳбарияти, “Huigong (Hebei) Machinery Group Co., Ltd.” компанияси президенти ва мутахассислари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда таъкидланганидек, мазкур қўшма корхона жорий йилнинг январь ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига расмий ташрифи давомида эришган келишувларнинг натижасидир.
Оҳангарон туманида жойлашган корхонада “Тоғ-кон машиналари учун эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш” лойиҳаси амалга оширилади.
Ушбу лойиҳанинг қиймати 23 млн доллар бўлиб, маҳсулот ишлаб чиқаришнинг йиллик ҳажми 37,5 млн долларни ташкил этади.
Ҳамкор компания томонидан тоғ-кон машиналари учун 282 дан ортиқ эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарилади.
Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар биринчи навбатда маҳаллий бозордаги эҳтиёжларни қоплайди ва келажакда экспорт қилинади
Эътиборлиси, қўшма корхонада 150 та янги иш ўринлари яратилиб, лойиҳа Ўзбекистон саноат соҳасида янги ютуқларга эришишга ва иқтисодиётнинг ўсишига салмоқли ҳисса қўшади.
Тадбирда ОКМК раҳбарияти, “Huigong (Hebei) Machinery Group Co., Ltd.” компанияси президенти ва нуронийлар иштирокида рамзий лента қирқилиб, лойиҳанинг қурилишига расман старт берилди.
Лойиҳа ва келгусидаги режалар ҳақида “Huigong (Hebei) Machinery Group Co., Ltd.” компанияси президенти Цун Цилин шундай деди: Нимага биз Ўзбекистонни танладик, деган саволга жавоб берадиган бўлсам, энг аввало, юртингизда инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилган. Шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой давлатлари ўртасидаги ўзаро манфаатлик ҳамкорлик алоқаларининг йилдан-йилга ривожланиб бораётганлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга ташрифи ҳар икки томон ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлади. Ўзбекистон Ўрта Осиёнинг марказида жойлашганлиги, қулай ишбилармонлик муҳити яратилганлиги ҳам бизни қизиқтиради. Ушбу лойиҳа ҳамкорлигимизнинг биринчи навбати ҳисобланиб, бугун ОКМК раҳбарияти билан яқин истиқболда амалга оширадиган бошқа лойиҳалар бўйича ҳам музокаралар олиб бордик. Бугун старт берилган лойиҳа ўйламанки, ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлади.
ОКМК Ахборот хизмати
LiveБарчаси