Бухоро “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилинди

Жамият

image

Кўҳна ва боқий Бухоро шаҳри 2020 йилда "Ислом маданияти пойтахти" деб эълон қилинди. Бу ҳақда кеча, 16 сентябр куни Миср Араб Республикаси пойтахти Қоҳира шаҳрида ўтган Ўзбекистон-Миср вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларида айтиб ўтилди.

Делегацияларга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Дилшод Ахатов ва Миср Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Ҳани Салим раҳбарлик қилган.

Томонлар Бухоронинг 2020-йилда “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилиниши муносабати билан ўтказиладиган тадбирларда Мисрнинг иштирок этишига қизиқиш билдирди.

Исломий меросни ўрганиш доирасида томонлар Миср илмий муассасалари билан Самарқанд шаҳридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Тошкент шаҳридаги Ислом сивилизацияси маркази ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганлигини юқори баҳоладилар. Учрашувда томонлар Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Шарқшунослик институти билан Миср Маданият вазирлиги қошидаги Китоблар уйи ва Aрхивлар муассасаси ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватладилар, бу эса икки мамлакат илмий муассасаларида сақланаётган нодир қўлёзмаларни биргаликда ўрганишга имкон беради.

Музокараларда туризм, маданият, фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Миср ТИВ ҳузуридаги Миср шерикликни ривожлантириш агентлиги билан ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Ҳозирги вақтда географик жиҳатдан узоқлиги туфайли икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликнинг мавжуд салоҳияти етарлича фойдаланилмаган. Шу нуқтаи назардан, Ҳукуматлараро қўшма комиссия ва Ўзбекистон-Миср ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги мажлисларини ўтказиш долзарб аҳамиятга эга бўлиб, ушбу йўналишдаги алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим механизми экани айтилган.

Маълумот учун: 2007 йилда Ўзбекистон пойтахти Тошкент Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Бухоро Ислом маданияти

Баҳолаганлар

57

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг