Юмшатилаётган карантин. Президент қатор соҳалар фаолиятини ишга тушириш бўйича кўрсатма берди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 5 май куни карантин шароитини янада енгиллаштириш ва иқтисодий фаолиятни қайта тиклаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Йиғилишда карантин шароитини босқичма-босқич юмшатишга оид таклиф ва таҳлиллар асосида бундан буён амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.

Ҳозирда фаолияти тикланган саноат, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларига қўшимча равишда хизмат кўрсатиш субъектлари ҳам босқичма-босқич ишга туширилиши белгиланди.  

Жумладан, эпидемиологик вазият яхши бўлган ҳудудларда, санитария талабларини белгилаган ҳолда, ноозиқ-овқат дўконлари, тиббий диагностика, такси хизмати, таъмирлаш, тикувчилик, маиший техника ва пойабзал тузатиш, сартарошхоналар фаолиятига рухсат бериш кераклиги қайд этилди. Шунингдек, стикерлар бекор қилиниб, шахсий автомобиллардан фойдаланиш мумкин бўлади.

Лекин, коронавирус тўла бартараф бўлмагани сабабли, одамлар кўп тўпланадиган объектлар, жумладан, театр, концерт ва спорт заллари, тўйхоналар, жамоат транспорти бўйича чекловлар маълум муддатгача сақланиб қолади.

Республика комиссиясига хизмат кўрсатиш турларини қайси ҳудудларда ва қандай шартлар асосида йўлга қўйишни белгилаш топширилди.

“Эпидемиологик вазият яхшилангани сари чекловларни бекор қилишни давом эттирамиз. Аксинча, вазият ёмонлашса, карантин чораларини қайта тиклаймиз”, деди Шавкат Мирзиёев.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев карантин

Баҳолаганлар

592

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг