Тошкентдаги Европа яҳудийлари марказий синагоги бузилади...ми? Усмонов имзолаган қарор судгача етиб борди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани, Миробод-2 кўчаси 15-уйда жойлашган Европа яҳудийлари диний жамоасининг “Бет маначем” марказий синагогасининг бузилиши юзасидан расмий баёнот берди. 

Диний қўмитанинг қайд этишича, 1973 йилда ташкил этилган синагог ери Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 11 сентябрдаги 1218-сон қарорига асосан “ABSOLUTE BUSINESS TRADE” хусусий корхонасига доимий фойдаланишга берилган. Айни вақтда Европа яҳудийлари диний жамоаси Тошкент шаҳар ҳокимининг ушбу қарорига қарши чиқмоқда. Иш судгача етиб борган ва бугун, 5 август куни маҳкама бўлиб ўтади. Дин ишлари бўйича қўмита расмий баёнотида шундай дейилади:

“Юртимизда диний соҳада олиб борилаётган сиёсат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун, шунингдек, бошқа қонун ва қонуности ҳужжатларига асосан олиб борилади. Ўз навбатида, ҳар бир диний ташкилотнинг ҳуқуқий мақомга эга бўлган ҳолда ўз мулкига эга бўлиш ҳуқуқи бўлиб, унинг тўлиқ таъминланиши юқорида кўрсатилган қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилади.

Сўнгги вақтларда баъзи бир хорижий оммавий ахборот воситаларида ҳамда интернет саҳифаларида Тошкент шаҳридаги европа яҳудийлари диний жамоасининг ҳуқуқий мулки ҳисобланган ҳудуднинг гуёки “ноқонуний тортиб олиш бўйича ҳатти-ҳаракатлар” бўлаётганлиги хусусида маълумотлар учрамоқда.

Маълумот учун, Тошкент шаҳар Европа яҳудийлари диний жамоаси Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан 1998 йил 29 октябрда 116-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган. Диний ташкилот Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, 2-Миробод кўчаси, 15-уй манзилида жойлашган. Ибодатхона жойлашган бино 1929 йилда қурилган.

Масала шундаки, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 11 сентябрдаги 1218-сон қарорига асосан, Яккасарой тумани, Миробод кўчаси бўйида ҳамда Миробод тумани, Миробод ва Нукус кўчалари кесишуви ёнида жойлашган мавжуд биноларнинг бузилиши ҳисобига ва етказилган зарарни ўрнатилган тартибда қоплаш шарти билан пастки қаватларида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси жойлашган кўп қаватли турар-жой бинолари қуриш учун майдони 6,0 гектарли ер майдони “ABSOLUTE BUSINESS TRADE” хусусий корхонасига доимий фойдаланишга берилган.

“ABSOLUTE BUSINESS TRADE” хусусий корхонаси 2-Миробод кўчаси, 13, 15 ва 17-уйларни бузиш ҳисобига етказилган зарарни ўрнатилган тартибда қоплаш мақсадида Тошкент шаҳар Европа яҳудийлари диний жамоаси билан келишувга эришолмаганлиги натижасида жорий йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳар туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилган. Суд мажлиси жорий йилнинг 5 август санасида бўлиб ўтиши белгиланган.

Шу ўринда, Дин ишлари бўйича қўмита виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишга масъул асосий давлат ташкилоти сифатида Республикамиз ҳудудида расмий фаолият олиб бораётган ҳар бир конфессиянинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун доирасида ҳимоя қилишга тайёр эканини билдиради.

Шундан келиб чиқиб, юқоридаги ҳолат ҳам тегишли соҳа мутахассислари иштирокида, тезкорлик билан, ўз вақтида, тўлиқ ўрганиб чиқилди ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан мулкчиликка эгалик қилиш бўйича диний ташкилотнинг ҳақ-ҳуқуқлари сўзсиз таъминланиши учун барча амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасининг кўп конфессияли давлат эканини инобатга олган ҳолда, қолаверса ҳар қандай конфессия вакилларининг ҳақ-ҳуқуқлари тўлиқ қонун билан ҳимоя қилиниши нуқтаи назаридан, жорий йил 5 август санасида бўлиб ўтадиган суд жараёнида ҳам энг муҳим мезон – қонун устуворлиги тўлиқ таъминланади, деб ишонч билдирамиз”.

Эслатиб ўтамиз, синагог жойлашган майдонни хусусий ширкатга бериш ҳақидаги қарора Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмонов томонидан имзоланган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Раҳмонбек Усмонов Дин ишлари бўйича қўмита

Баҳолаганлар

226

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг