... 2018 йил – “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Гулнора Каримованинг музлатилган миллионлари Ўзбекистонга қайтариладими?


18:55, 11.06.2018 Олам
 14 053

Швейцария ҳукумати музлатиб қўйилган пулларнинг ҳақиқий эгаси Ўзбекистон эканига ишонч ҳосил қилган

Ўзбекистон Гулнора Каримованинг Швейцария банкидаги 810 миллион долларига эга бўлиши мумкин. Бу ҳақда Тошкент-Берн музокараларига алоқадор швейцариялик амалдор аноним шартлар асосида маълум қилган.
 
Маълум бўлишича, расмий Берн Гульнора Каримованинг пулларини имконият даражасида тезроқ Ўзбекистон ҳукуматига қайтариш ниятида.
 
“Музокаралар узоқ вақтдан бери давом этяпти. Бу пулларга бир қанча талабгорлар мавжуд. Ўзбекистон ҳукумати уларнинг биринчиси бўлса, АҚШ иккинчи ва “Zeromax” кредиторлари учинчи талабгор ҳисобланади. Гулнора Каримова ва унинг шерикларини Америка банк тизимидан фойдаланиб, долларда фирибгарлик қилганлигини таъкидлаётган АҚШ Адлия вазирлиги пулларнинг бир қисмини қўлга киритиши мумкин. “Zeromax” кредиторлари ҳозирча компаниянинг асл хўжайини Каримова бўлганини исбот қилолмагани учун пулларни қўлга киритиш имкониятлари йўқ”, дейди швейцариялик амалдор.
 
Унинг сўзларига кўра, Швейцария ҳукумати музлатиб қўйилган пулларнинг ҳақиқий эгаси Ўзбекистон эканига ишонч ҳосил қилган.
 
Швейцария прокуратураси жиноий иш бўйича текширувлар давом этаётганини айтиб, у ҳақда маълумот беришдан бош тортган.
 
Эслатиб ўтамиз, июль ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримова жиноий иши бўйича тўлиқ расмий маълумотни эълон қилган эди. Унда қайд этилишича, ҳозирда 12 та хорижий давлат ҳудудида 1 млрд 394,1 млн АҚШ доллари, 63,5 млн евро, 27,1 млн фунт ва 18,5 млн франк миқдордаги маблағ легаллаштирилган.
 
Гулнора Каримованинг коррупция ва пулни ўзлаштириш билан боғлиқ жиноятларни содир этишдаги айби уюшган жиноий гуруҳ аъзолари Н.Содиқов, Р.Мадумаров, Ш.Собиров ва бошқаларнинг, гувоҳлар, жабрланувчиларнинг кўрсатувлари, уюшган гуруҳ назоратидаги 45 та хўжалик юритувчи субъектлар ва 16 та оффшор компаниялар фаолиятини текшириш материаллари, олинган ёзма ва ашёвий далиллар, экспертиза хулосалари ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топган.
 
Гулнора Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168, 178, 182, 189, 228 ва 243-моддалари билан айблов эълон қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Гулнора Каримова 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!