... 2018 йил – “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Гулнора Каримова тилла тақинчоқларини заргарни қамаб қўйиб ясатган...ми?


17:47, 20.01.2018 Жамият
 38 659

Ходима Гулнора Каримованинг ташкилоти нима ишлар билан шуғуллангани ва у қўл остидагилар билан қандай муносабатда бўлгани ҳақида очиқ интервью берган.

Гулнора Каримова томонидан асос солинган Ўзбекистон маданияти ва санъати Форумининг собиқ ходими “Asia Terra” порталига интервью берди. Ўзининг исмини тўлиқ айтишни истамаган собиқ ходима Гулнора Каримованинг ташкилоти нима ишлар билан шуғуллангани ва у қўл остидагилар билан қандай муносабатда бўлгани ҳақида очиқ интервью берган.
 
“Бошида ҳаммаси менга ёқиб тушганди”
 

 
– Ишга қачон қабул қилинган эдингиз?
­­– 2010 йилда.
 
– Бу ташкилот тўғрисидаги таассуротларингиз қандай бўлган?
– Бошида ҳамма иш менга ёқарди, лойиҳалар устида ишлардик. Ходимлар унчалик кўп эмас эди, шунинг учун уларга жуда кўп нарса юклатилганди. Яъни бир одам иккита-учтагача лойиҳани бошқарарди.
 
– Бу одамлар асосан нима билан шуғулланишарди?
– Масалан, бизнинг жамоа аёллардан иборат эди. Шунинг учун хайрия лойиҳалари билан шуғулланардик, яъни кўкрак саратони билан оғриган аёлларни шифохонага жойлаштирариш, шифохоналарни таъмирлашга ёрдам бериш, айрим бемор аёлларнинг жарроҳлик амалиётига маблағ ажратиш дегандек.. Бизга мурожаат қилган аёллар жарроҳлик амалиёти ўтказишда, дорилар билан таъминланишда ёрдам олишарди. Бунда улар пул тўламасди, ҳаммаси фонд маблағлари эвазига амалга ошириларди.
 
– Демак, фондда бир қатор хайрия лойиҳалари бўлган?
– Аёлларнинг турли жамиятлари, ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш фонди. Масалан, фермер аёллар лойиҳасида фермерлик хўжалиги бўлган, лекин ўз хўжалигини юритишни билмайдиган фермер аёллар учун тренинглар ўтказардик. Бу тренингларда хўжаликни қандай юритиш кераклиги, бухгалтерия ишларини олиб бориш ўргатиларди. Дастлаб, танловлар ўтказардик, ўттиздан ортиқ номзодлардан ўн иккитасини танлаб олиниб, уларга ёрдам берардик. Аёлларнинг меҳмонхона ва бошқа харажатларини биз қоплаб берардик.
 
– Шунақа лойиҳадан жами нечта бўлган?
– 50 талар атрофида. Бу лойиҳаларда аёллардан ташқари, талабалар, ногиронлиги бўлган шахсларга ёрдам берганмиз. Қолаверса, ННТлар бўйича ҳам лойиҳалар бўларди.
 
“Ҳамма ўз вақтида пул тўларди”
 

 
– Гулнорага Фонд форум нима учун керак эди?
– Ўйлашимча, нималарнидир айлантириш ва фонд орқали ўзининг асл фаолиятини беркитишга уринган.
 
– Молиявийми?
– Ҳа, шу жумладан моливий фаолиятини ҳам.
 
– У лойиҳаларни маблағ билан таъминлаш учун пулларни қаердан оларди?
– Биз молиявий ёрдам кўрсатадиган ҳомийларни қидирар эдик. Уларга амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида гапириб берганмиз. “Ўзтрансгаз”, “Лукойл” каби пул тўлай оладиган ташкилотларга қўнғироқ қилардик.
 
– Уларнинг барчаси розилик билан тўлаб берган, деб ўйлайсизми?
– Деярли ҳаммаси. Чунки уларнинг ҳаммаси фонд Гулнора Каримовага тегишли эканини биларди, шунинг учун рад эта олишмасди...
 
Масалан, биз тренниглар ўтказиш учун пул йиғардик. Зал, меҳмонхона ва иштирокчларни овқатлантириш текинга бўлмайди, албатта. Биз шундай ишларга ҳомийлар топардик ва уларнинг ўзларини ҳам иштирок этишга таклиф қилардик.
 
– Шундай тадбирларни ўтказишга пул кўчиришни хоҳламаганлар ҳам бўлганми?
– Амалиётда учрамаган.
 
– Битта ҳам рад қилинмаганми?
– Балки, бундай ҳолатларда кейинги лойиҳани маблағ билан таъминлайман, деган бўлиши ҳам мумкин.
 
– У ерда айланган пулларнинг қанчалигини билиш мумкинмиди?
– Миллионлаб, деб ўйлайман.
 
– Буларнинг ҳаммаси лойиҳаларга сарфланган, шундайми?
– Ҳа, асосан шундай.
 
“Тугатмасанг кетмайсан”
 

 
– Гулнора Фонд форумда пул ишлаб топмаганми?
– Билишимча, йўқ! Унинг заргарлик ва модалар бизнеси бор эди. Акамнинг айтишича, унинг заргарлик ишини жуда ҳам яхши биладиган таниши бўлган. Гулнора уни бир хонага қамаб қўйган ва қўлига иш бериб, “Тилла буюмларни ясамасанг, бу ердан чиқмайсан. Биз сенинг ейдиган овқатингни ҳам, қизларни ҳам, нима хоҳласанг ўша нарсани муҳайё қиламиз, лекин сен бизнинг айтганимизни тугатмагунингча, бу ердан чиқмайсан”, деган. У йигит ўша ерда ўн кундан кўпроқ ўтиришга мажбур бўлган. Албатта, у ясаган маҳсулотлар “Guli” (Гулнора Каримованинг заргарлик бренди) номи остида намойиш қилинган. У ерда жуда кўп буюмлар тайёрланган ва уларнинг кўпи муносиб бўлган. Соатлар, тақинчоқлар жуда ҳам чиройли ва қимматбаҳо эди. 2009 ёки 2010 йилда ўтказилган аукционларда соатларнинг бошланғич нархи 50 минг АҚШ долларига баҳоланган. Ўзимнинг танишим ҳам Гулноранинг қўлида нималардир қурган. Унинг айтишича, Гулнора келиб уларга бақирган, сўккан, ҳақоратлаган...
 
“У маданият нималигини билмасди”
 

 
– Сўкинармиди?
– У жуда қўрқинчли сўкарди, жуда ҳам қўпол... Бу сўкишларни мен айтишга ҳам уяламан. У ердаги камситиш, ҳақоратлашлар... У фақат фонд ходимлари билан эмас, бошқалар билан ҳам худди шундай муомала қиларди... У ўзидан ёши улуғ, ўзбеклар дунёсида ўзига яраша мавқега эга одамлар билан меъёрдагидек гаплашарди. Бошқаларнинг олдида мулойим, меҳрибон кўринарди, ҳаммага жилмайиб қарарди, аммо жаҳли чиқиб кетса, қиёмат бўларди. Бизда дастурчилар ишларди ва улар баъзида тонгги соат 5 гача қолиб, қандайдир эскизлар чизишарди. Улар Гулнорага чизмаларини олиб киришганида, бақириб берарди, сўкарди, қичқирарди. Агар унга кимдир “пул тўланг”, “мукофот беринг” деб гапирса, доим “Ёқмаса – бўшаб кетавер”, деб жавоб берарди.    
 
– Яъни маданият етишмаган?
– У фақат одамларнинг олдига чиқиб, чиройли гапиришни биларди. Жозибали гапирарди: “ҳамманинг ўз тарихи бор, бизнинг ўз тархимиз бўлади...”. Худди қўшиқнинг сўзларидек...
 
2011 йил 8 июлда унинг туғилган куни бўлганди, палов тайёрлашди, биз эса унинг шеърларини ўқидик... Ишхонада унинг шеърлари ёзилган китобни тарқатишди ва тайинлашди: “Сен бу парчани, сен бунисини...”. Биз унинг суратини ифодалайдиган пазл бўлиб турдик, ҳар биримиз ўз жойимизни эгаллаганимизда унинг сурати чиқарди. Бу уни ўзининг сурати ва шеърлари билан табриклаш эди. Лекин, Гулноранинг ўзи у ерда иштирок этмаган, бизни камерага суратга олишганди. Бизни атайлаб Гулнора учун суратга олишганини, кейинчалик унинг ўзи кўришини айтишди. Столда ҳамма нарса – мевалар, салатлар, спиртли ичимликлар, қўй гўшти, сомса, палов бор эди. Санъаткорлар келишди, чиқишлар қилишди. Биз ҳам “Биз сизга бахт тилаймиз”, деб қўшиқ куйладик.
 
“Фонд ҳамма томонни эгаллаб олганди”
 

 
– Ўзбекистонда “мен ҳам шундай хайрия билан шуғулланаман” деган бошқа одам чиқиши мумкинмиди ёки уларни “четга суриб” қўйишармиди?
– Албатта, четга суриб қўйишарди. Балки ростдан ҳам шунақа одамлар бўлгандир, лекин Фондда бу ҳақда очиқ гапирилмасди, дарров оғзига уриларди.
 
Бундайлар фақат Фонднинг ҳомийлари рўйхатида туриши мумкин эди. Одамларни Фонд ишига мана бундай жалб қилардик: “Бизда бир лойиҳа бор эди, шуни молиялаштирмайсизми?” Кейин бу одам Фонднинг қулига айланар эди. Ҳамма жойда аввал фонд, кейин бошқалар...
 
– Улар иштироки учун қандайдир имтиёзга эга бўлармиди?
– Уларнинг фақат тадбирларда иштирок этишига рухсат бериларди, агар қандайдир муаммога дуч келса Фонд форум ечишга ёрдам берарди.
 
– “Муаммоларингизни ечишга ёрдам берамиз...” дегани ўзига хос рэкет эмасми?
– Ҳа, шунга ўхшаш. Фонд Форум ҳамма томонни эгаллаб олган эди... Уни ҳеч ким назорат қилолмасди.
 
“У фақат сўкиш борасидаги билими билан ажралиб турарди”
 

 
– Эшитишимча, у одамларнинг диққат марказида бўлишни, яъни ажралиб туришни ёқтирган. Янги, чиройли кўйлаклар кийиб олади ва “Мана янги хайрия лойиҳаси”, деб гапиради...
– У бошқалардан ажралиб турарди дея олмайман. Унинг кўйлаклари сўзсиз ҳар доим энг чиройли бўлган. Ўзини кўрсатишни яхши кўрарди... Агар шифохонани очиш керак бўлса ҳам у ерни таъмирлашар, янги жиҳозлар олиб келишар ва табиийки, у ўша ерда ҳам бошқалардан ажралиб турарди.
 
– “Келажак овози” нима дегани?
– Бу ёшлар фонди эди. Бу ерда ўзига яраша ақлли болалар йиғилган эди. Улар турли танловлар ўтказишар, тендерларда иштирок этишар ва хорижда таълим олиш ҳуқуқини қўлга киритишарди. Улар турли кўргазмалар ташкил қилишар. “Style.uz”ни ташкил қилишда фаол қатнашишарди, бироқ намойишида иштирок этишмасди.
 
Америкаликларга мактублар
 

 
– Мода соҳасида унинг қандайдир лойиҳалари бормиди?
–Мода билан боғлиқ нарсалар унинг шахсий иши эди. Бунга Фонд форумнинг ҳеч қандай алоқаси бўлмаган.
 
2011 йилда Нью-Йоркда Гулноранинг модалар намойиши бўлиб ўтиши керак бўлган. Лекин уни ташкилотчилар бекор қилишга мажбур бўлишган. Ўшанда бутун форумчилар АҚШ элчихонасига уни қўллаб-қувватлаб хат ёзишга мажбур бўлганмиз. Биз бу хатларда уни қандай лойиҳаларни амалга ошираётгани, олтин, бриллиантлар билан қандай тикувчилик қилаётганини айтиб мақташимиз керак бўлган... Биз нафақат ўз номимиздан, балки Петя, Коля, Вася... ким дуч келса ўшанинг номидан хат йўллаганмиз. Хатларда биз ўзимизни волонтёрлар сифатида таништириб, ҳаммасини кўряпмиз, билиб турибмиз деб ёзгандик.
 
Бунда ҳар бир одамдан кунига 8-10 тадан хат ёзишни талаб қилишган. Ўша вақтда фондда расмий 300-500 нафар одам бор эди. Норасмий бундан ҳам кўп, қолаверса, “Келажак овози”нинг фаоллари ҳам бизга ёрдам беришган.
 
– Яъни кунига 500 нафар одам 8 тадан хат ёзгансизлар? Бу қанча вақт давом этган?
– Тахминан бир ҳафта.
 
– Қоғозга ёзгансизлар, конвертларни сотиб олгансизларми?
– Ҳа. Биз буларни кечқурун топширардик ва жўнатиларди.
 
– Америкаликлар буларнинг қаердан келаётганини тушунишганми?
– Балки тушунишгандир. Ҳар ҳолда элчихонадан бирорта ҳам жавоб кедмаган. Бир ҳафтадан кейин бизга палов пишириб беришган, меҳмонлар – бизнинг машҳур санъаткорларимиз, юлдузларни таклиф қилишган... Мусиқа, ўйин-кулгу... Актёрлар, режиссёрлар келишган. Гулнора билан автобусда бутун бир жамоа келганди. Имом тиловат қилди, шунда Гулнора Каримова “Яшанглар, болалар! Сизларнинг уринишларингиз самарасини берди, биз модалар намойишини ўтказдик”, деди.
 
Кейин билсак, намойиш хусусий ташкил қилинган экан. Қайсидир ресторанда у ўзининг намойишини ўтказиб келган. Гулнора бизга ўзининг ғалаба билан келгани тўғрисида гапирди, биз эса бу ишни уддалаганимиз учун ош едик. 
 
“Ходимларда тамға қолди”
 

 
– Фонд ходимларига яхши маош тўлашармиди?
– Директоримиз Мавлуда Ширинова тахминан 2011 йилларда 200 минг сўмдан ойлик беришни ваъда қиларди. Лойиҳалар жуда жиддий эди, шунинг учун биз ишда ярим кечагача ушланиб қолардик. Шунда бизга мукофот пули тўлашга ваъда беришарди ва бу гаплар ваъдалигича қолиб кетарди.
 
Менда форумдан қолган таассуротлар яхши. Чунки, у хайрия билан шуғулланарди. Қариялар, бетоблар, умуман, одамларга ёрдам берардик. Лекин, иш жараёни оғир кечарди. У ерда вақтимизнинг катта қисмини ўтказишимизга тўғри келарди, фарзанд, оила учун вақт қолмасди. Ёқмаса ишламайсан, ёқса ишлайсан. Директорларимиз суткалаб ўтирарди. 2001 йилда директоримиз 1 миллион маош оларди, бизга эса анча кам тўланарди.  Ведомостда қўлимизга олганимиздан уч баравар кўп нарсага имзо чекардик.   
 
– Айтишларича, Екатерина Клюева – унинг яқин дугонаси озодликда экан?
– Ҳа, умуман олганда шундай.
 
– Қолганларчи? Масалан, Рустам Мадумаров?
– Билмайман. Ҳамма бу ҳақда гапиришдан қўрқади... Авваллари мен қўнғироқ қилиб “ассалому алайкум, мен шу ташкилотданман, фалончи билан гаплашишим керак десам”, дарров улаб беришарди. Фонд ёпилганидан кейин у ердан ишдан бўшаганларни бошқа ташкилотлар ишга ҳам олмай қўйишди. Энди уларнинг ишга жойлашиши қийин кечмоқда. Чунки уларнинг ҳаммасида “Фонд форумда ишлаган” деган тамғаси бор. 

Теглар:Гулнора Каримова Фонд Форум 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар