Яна бир ХБАнинг шўрига шўрва тўкилди. У одамларни 5,6 млрдга чув туширгани айтилмоқда

Жамият

image

Ўзбекистонда яна бир бандлик агентлиги мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда. 

“International Job Organization – хусусий бандлик агентлиги” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Аниқланишича, 1993 йил Қирғизистон Республикасида туғилган фуқаролиги бўлмаган шахс Ш.А.,  Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, А.Дониш кўчаси, 2-мавзеда жойлашган, фаолият турига кўра Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш изловчи фуқароларни хорижий давлатда ишга жойлаштириш, бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар бериш ҳисобланган “International Job Organization – хусусий бандлик агентлиги” МЧЖ учун 2019 йилнинг 19 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан 0058-сонли лицензия олиб, жамиятга раҳбарлик қилиб келган. 

Департаментнинг хабар қилишича, жамият ташкил топган кундан бугунги кунга қадар бўлган вақт оралиғида фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритишни мақсад қилиб, республиканинг барча вилоятларида ваколатхона очган ва турли ОАВ орқали жамият ҳақида эълонлар берган. Бош офис ва ваколатхонага ишга жойлашиш бўйича мурожаат қилиб келган фуқароларни Корея Республикаси ва Европа қитъасида жойлашган давлатларга ишга юборишини ваъда қилиб, уларга Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан олган лицензияни кўрсатиб, Польша давлатида фаолият кўрсатиб келаётган “APEX Sp.z.o.o” ва “WIN SOLUTION Sp.z.o.o” корхоналари билан тузилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ишга жойлаштириш тўғрисидаги меморандумни кўрсатиш орқали фуқароларнинг ишончига кирган. Амалда бирор-бир фуқарони ишга жўнатишни мақсад қилмасдан, ҳар бир фуқародан таклиф этилган давлатдаги ишдан келиб чиққан ҳолда дастлабки тергов давомида аниқланган 132 нафар фуқародан 45,0 млн сўмгача бўлган миқдордаги пулларни агентликнинг банк ҳисоб рақамига кирим қилиш йўли билан қўлга киритган. Ушбу фуқароларнинг бирортасини ҳеч қайси бир хорижий давлатга ишга юбормаган. Пулларни эса шахсий эҳтиёжлари ва жамиятнинг фаолияти учун мақсадсиз сарфлаб, ягона қасд билан қамраб олинган давомли жиноий ҳаракатлари билан ўзганинг жуда кўп, яъни 5,6 млрд  сўм миқдордаги пулларини эгаллаш жиноий фаолияти билан шуғулланиб келган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан “International Job Organization – хусусий бандлик агентлиги” МЧЖ директори Ш.А.  ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. 

Жорий йилнинг 10 июнь куни Ш.А., жиноят ишида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган. 

26 июнь куни жиноят иши ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти иш юритувига олинган ва МЧЖнинг бош офисида тинтув тергов ҳаракати ўтказилган ҳамда тинтув давомида бир қатор буюмлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган. 

Жиноят ишини тергов қилиш жараёнида Ш.А., ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси танланган. 

Бугунги кунга қадар жамият томонидан бирорта ҳам фуқаро Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ишга жойлаштирилмаган. 

“Шу ўринда, жиноят ишининг кўп ҳажмли эканлиги, республиканинг барча вилоятларида жабрланувчилар борлиги ва дастлабки тергов муддатининг ўтиб бораётганлиги ҳамда ҳозирги карантин шароитини инобатга олиб, фуқароларимизнинг ортиқча оворагарчиликларини олдини олиш мақсадида, улардан ўзлари яшайдиган туман, шаҳар ИИБлари ҳузуридаги Тергов бўлинмаларига мурожаат қилишларини сўраб қоламиз.   

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан барча вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаларига Тергов топшириқлари юборилган бўлиб, ушбу топшириққа асосан фуқаролар сўроқ қилиб бўлинганидан сўнг етказилган зарарнинг аниқ миқдори маълум бўлади (етказилган зарарнинг жами миқдори ҳозирги мавжуд зарардан ошиши кутилмоқда)”, дейилади Тергов департамент хабарида. 

Қайд этилишича, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда, тергов ҳаракатлари ва жиноят иши натижаси юзасидан қўшимча равишда ахборот бериб борилиши таъминланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Хусусий бандлик агентлиги

Баҳолаганлар

169

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг