Ахбор Имомхўжаев 61 йиллик хотираларини бир китобга жамлади

Спорт

image

Бугун, 16 апрель куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Ахбор Имомхўжаевнинг “Аср футболидаги асл қадрдонларим” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. 

Таниқли футбол шарҳловчиси, ўзбек шарҳловчилиги мактабининг асосчиларидан бири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Ахбор Имомхўжаев ушбу китобни ўзбек футболининг 100 йиллигига бағишлаб чоп эттирган. 

800 саҳифадан иборат ушбу китобда ўзбек футболига оид кўплаб тарихий материаллар, хотиралар, қизиқарли фактлар жамланган. Шунингдек, унда ўзбек футболи тарихида ёрқин из қолдирган мураббий, футболчи, мутахассис ва спорт журналисти сифатида фаолият олиб борган машҳур инсонлар ҳақида ҳам қатор қимматли маълумотлар учрайди.

“Китоб ўзбек футболининг 100 йиллигига бағишлаб ёзилди. Унинг ичига 1912 йилдан бошлаб ривожланган ўзбек футболи тарихидаги 261 шахс киритилган. Мен деярли уларни ҳар бирининг уйига борганман. Ушбу ташрифим давомида бир қатор фотосуратлар жамлаб, муҳим суҳбатлар уюштирдим. Китоб нусхалари Суперлиганинг ҳар бир жамоалари, академияларига, қолаверса, футболимиз ҳакамларига юборилди”, дейди Ахбор Имомхўжаев.

Муаллиф китоб устида 12 йил ишлаган. 

Маълумот ўрнида, Ахбор Имомхўжаев 1936 йилнинг 19 февралида Тошкентда таваллуд топган. У футболга оид 9 та китобнинг муаллифи. “Аср футболидаги асл қадрдонларим” китоби муаллифнинг ўнинчи китобидир.

Ахбор Имомхўжаев 1996 йилда “Шуҳрат” медали, 2006 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи” фахрий унвонига сазовор бўлган. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Ахбор Имомхўжаев

Баҳолаганлар

13

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг