... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Газли ва қувватлантирувчи ичимликлар нимадан тайёрланишини биласизми?


11:33, 12.07.2017 Саломатлик
 3 818

Айрим ишлаб чиқарувчилар ҳайвонлар аминокислоталарига ўхшаш бўлган таурин моддасини қўшади.

Турли-туман ичимликлар бизнинг рациондан сувни тобора чегаралаб бораётгани сир эмас. Кўпчилик чанқаганда сув ўрнига бирор газланган ичимликни ичишни маъқул кўради. Бунинг организм учун жуда зарарли эканига қарамай, биз меъёр деган нарсани унутиб қўямиз. Ширин газланган ва энергетик ичимликларга ружу қўйиш оғир хасталикларга олиб келиши ҳақида кўп ҳам ўйламаймиз.
 
Ҳозирда дўконларда сотилаётган салқин ичимликлар орасида шакли жуда ихчам бўлган тунука идишлардаги ҳар хил ёзувли ичимликларга кўзимиз тушади. Бу ичимликларнинг бозори чаққонлигини кўриб, ҳайрон қоламиз. Мазкур ичимликларнинг рекламалари ҳам ўзига яраша: уларни ичсангиз, қувватингиз ошади, ўзингизни тетик сезасиз, ҳаётда ҳамма нарсага эришасиз...
 
Хўш, қувватлантирувчи ичимликлар ўзи нима? Бу ичимликларни ким ўйлаб топган? Ҳақиқатан ҳам, уларни ичиб ,одам ўзига етишмаган тетиклик ва фаолликка эга бўладими?
 
Қадимда ҳам тетиклаштирувчи ичимликлар ичилган. Яқин Шарқ аҳолиси – қаҳва; Ўрта Осиё ва хитойликлар – чой; Ҳиндистондагилар – чой ва қаҳва; америкаликлар – кола; Узоқ Шарқ, Сибир ва мўғуллар эса одамгиёҳ (женшен) ичиш орқали ўзини қувватлантириб юрган.
 
Энергетик ичимликларни 1984 йилда австралиялик йирик компания эгаси Дитрихом Матешсом кашф қилган. Қувватлантирувчи ичимликлар тез кунда бошқа машҳур ичимликлар қаторидан жой олди. Йилдан-йилга унинг турлари кўпайиб, Европа, Америка ва Россия бозорларини эгаллади. Баъзи мамлакатларда бу ичимлик тақиқланган. Баъзи давлатлар эса, масалан, Дания, Швеция, Франция, Норвегияда бу ичимлик шифобахш ҳисобланиб, фақат дорихоналарда сотилади.
 
Бугунги кунда баъзи олимлар қувватлантирувчи ичимликларни оддий газли ичимликлар дейишса, баъзилар аксинча, қарамликни келтириб чиқаради, деган фикрни таъкидлашмоқда. Унинг таркиби ҳақида жуда кўп қарама-қаршиликлар бўлган. Хўш, улар шунча харидорга нима ичиришяпти? Ичимлик таркибига тетиклаштирувчи восита сифатида гуаран (Жанубий Америкада ўсадиган ўсимлик) қўшилади. Ҳиндулар бу ўсимликдан тетиклаштирувчи ва организмни мустаҳкамловчи восита сифатида фойдаланган. Гуараннинг таъсири кофеинга яқин.
 
Айрим ишлаб чиқарувчилар ҳайвонлар аминокислоталарига ўхшаш бўлган таурин моддасини қўшади. Бу модда юрак мушакларининг ишлаш жараёнини тезлаштиради. Бундан ташқари, унинг таркибида ёш организмга, албатта, фойда бермайдиган шакар ва кофеин бор. Энергетик ичимликлар таркибида катта дозаларда В витамини бўлиб, бу юрак уришини тезлаштириб, қўл ва оёқларда қалтироқ пайдо бўлишига олиб келади.
 
Ёдда тутинг! Қувватлантирувчи ичимликлар ҳомиладорлар, болалар ва ўсмирлар, 50 ёшдан ошганлар, шунингдек, бирор сурункали касаллиги бўлган кишиларга қатъиян ман этилади. Шундай экан, уларни қабул қилишда, яхшиси, эҳтиёткор бўлган маъқул. Ёшлар керакли қувватни ўзини чиниқтириш , соғлом озиқ-овқатлардан, мисол учун, оқсил, сут маҳсулотлари ва кўк чойдан, ўрта ёшлилар эса соғлом турмуш тарзига риоя қилиш ҳамда табиий маҳсулотларни истеъмол қилиш орқали олиши мумкин.
Мухлиса Қосимова

Теглар:Газли ичимликлар Қувватлантирувчи ичимликлар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!