“Ўлмас” мавзу: ЕОИИга аъзолик масаласида депутатлар нима дейди?
Жамият
−
09 Апрель 2020
7754Парламент қуйи палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг Вазирлар Маҳкамаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги вакиллари иштирокида видеоселектор йиғилиши ўтказилган. Унда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлиги масаласи муҳокама қилинган. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси, депутат Акмал Бурҳонов ЕОИИга аъзо бўлиш тадбиркорлар учун катта имкон экани ва аъзо мамлакатлар арзон маҳсулотлар экспорт қилиш учун тайёр бозор эканини маълум қилди.
“ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиш биз учун қиймати 1 триллион 587 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган бозорга кириш имконини беради. Ўзбекистон бу бозорга ўзининг нисбатан арзон маҳсулотларини экспорт қилиб, катта миқёсда фойда кўриши мумкин.
Ўзбекистон ЕОИИ билан ҳамкорлик қиладиган бўлса, ўз қоидаларини иттифоқ стандартлари билан мувофиқлаштириб боради ва тадбиркорларимиз учун катта имкониятлар вужудга келади.Бунинг натижасида, ЕОИИ бозорини кўзлаган хорижий инвестициялар оқими юзага келиши мумкин. Зеро, шу пайтгача 34 миллионлик бозор учун ишлаб келинган бўлса, ЕОИИ билан ҳамкорлик ўрнатилиши натижасида салкам 200 миллион кишилик бозорга ҳеч қандай божларсиз кириш имкони пайдо бўлади. Бу эса Ўзбекистоннинг инвестициялар учун жозибадорлигини янада оширади”, дейди Акмал Бурхонов.
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси, депутат Зуҳра Шодиева иттифоққа аъзо бўлишда сиёсий-иқтисодий омиллар, меҳнат миграцияси масаласи ҳисобга олиниши лозимлигини айтади.
Биринчи омил Ўзбекистоннинг ЕОИИга кирувчи мамлакатлар билан чегаравий пунктларни очиш масаласи ҳисобланади. Ўзбекистоннинг Қирғизистон ва Қозоғистон билан бир нечта чегаравий пунктлари мавжуд бўлишига қарамай, улар ЕОИИга аъзо сифатида бошқа савдо режими асосида фаолият олиб борганлиги боис, ушбу пунктларни тўлиқ очишда муайян қийинчиликлар юзага келмоқда.
Кейинги омил, Ўзбекистон фуқароларининг Россияга ва Қозоғистонга бўлган меҳнат миграцияси бўлиб, Ўзбекистон ушбу масалада ЕОИИ билан ўз миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳамкорлик ўрнатиши мақсадга мувофиқ.
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси, депутат Жаҳонгир Мамажонов Ўзбекистон денгизга тўғридан-тўғри чиқа олмайдиган давлат экани, денгизга Қозоғистон ва Россия орқали чиқиши қулайлиги, бунинг учун ЕОИИ давлатлари билан ҳисоблашишга мажбурлигини айтди.
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси, депутат Феруза Нигматовага кўра, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида ЕОИИ давлатларининг улуши 30 фоиздан ортиқни ташкил қилади. Шунингдек, Россия ва Қозоғистон билан бир қатор инвестицион лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга келишиб олинган. ЕОИИга кирувчи бошқа мамлакатлар билан ҳам ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинган. Бу эса Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш, ўзаро келишилган инвестицион лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш имконини беради.
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси, депутат Нодир Жумаев Ўзбекистонда аҳолининг 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган қатлами зичлиги бошқа аъзо мамлакатларга нисбатан юқори эканлиги сабабли, меҳнат миграцияси масаласида самарали натижаларга эришиш мумкинлигини айтди.
“ЕОИИга аъзо мамлакатлар меҳнат мигрантлари учун лицензия ва рухсат олиш талабларини ўзаро жиддий енгиллаштиришган. Шу нуқтаи назардан, бугун 2-2,5 миллиондан ортиқ фуқароларимиз ЕОИИ давлатларида меҳнат қилаётганлигини ҳисобга олсак, Иттифоқ билан ҳамкорлик ўрнатиладиган бўлса, фуқароларимиз ушбу давлатларда патент олмасдан ишлаш имкониятига эга бўладилар ва пул жўнатмалари ҳозирги 4-5 млрддан 7-8 млрд. АҚШ долларига етиши кутилмоқда”, дейди депутат.
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси, депутат Муқаддас Тиркашева фикрича, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан яқин ҳамкорлиги нафакат савдо-иқтисодий, балки комплекс экологик масалаларни ечишда ҳам қўл келиши мумкин. Иштирокчи мамлакатларнинг табиий бойликларини сақлаш, қайта тиклаш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича тажрибасидан ҳам унумли фойдаланиш имкониятига эга бўлинади.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва унга иқтисодий фаолиятнинг салбий таъсирини олдини олиш борасида шу пайтга қадар ЕОИИ доирасида бирорта кўп томонлама шартнома тузилмаган. Ушбу масалаларга янада кенг қамровли ва мувозанатли ёндашув зарурлигини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон ва ЕОИИ ўртасидаги ҳамкорлик дастлаб Ўзбекистон учун кузатувчи мақомини олишдан бошланиши мақсадга мувофиқ, дейди Муқаддас Тиркашева.
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси, депутат Дилбар Усмонова бизнес юритувчи субъектларнинг манфаатлари нуқтаи назаридан кўриб чиқиш лозимлигини айтади.
“Ҳозирда мамлакатимиздан четга олиб чиқилаётган юкларнинг 80 фоизи ЕОИИ аъзолари бўлмиш Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон орқали транзит ташиб кетилади, тайёр маҳсулотларимиз экспортининг 50 фоизи, баъзи маҳсулотлар бўйича эса ҳатто 80 фоиздан зиёди ана шу мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.
Шу боис, ЕОИИ билан ҳамкорликни янада кучайтириш Ўзбекистоннинг узоқ муддатли стратегик мақсадларига, хусусан, ўрта қатлам негизини ташкил қилувчи тадбиркорлик субъектларининг манфаатларига тўлиқ мос тушади”, дейди Дилбар Усмонова.
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси, Зулайҳо Акрамовага кўра, ЕОИИ билан ҳамкорлик натижасида халқаро юк ҳамда йўловчи ташувлари соддалаштирилади ва бу борадаги имкониятлар янада кенгаяди. Бироқ, Ўзбекистон ЕОИИ билан ҳамкорлик ўрнатишидан олдин тегишли инфратузилмани барпо этиши ва миллий қонунчиликни ЕОИИ доирасида қабул қилинган стандартларга мослаштириб бориши лозим бўлади. Хусусан, божхона постлари инфратузилмасини тамомила қайтадан кўриб чиқиш керак. Бунинг учун эса 1 млрд АҚШ долларига яқин маблағ талаб этилади.
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси, депутат Ўктамжон Исломовнинг айтишича, ЕОИИ билан ҳамкорлик ўрнатилиши Ўзбекистондаги истеъмолчиларнинг минтақа бозоридаги иқтисодий рақобат натижасида нисбатан арзон ва сифатли маҳсулотларни харид қилиш имкониятини янада оширади.
Бундан ташқари, ЕОИИ аъзо мамлакатларида импорт тўловларининг камайиши, транспорт логистика тизимининг қулайлашиши натижасида Ўзбекистондан бугунги кунда ишлаб чиқаришда нисбий афзалликка эга бўлган мева-сабзавот, текстил, чарм-пойабзал сингари маҳсулотлар экспорти ҳажми ошади.
Ўзбекистондаги монополия ва олигополия тоифасидаги ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчилар интеграциялашган рақобат муҳити натижасида коррупцияни бартараф қилишга, таннархни камайтиришга, маҳсулот ва хизматлар сифатини оширишга мажбур бўлади. Интеграция натижасида ишлаб чиқаришда кооперацион алоқалар ривожланади. ЕОИИда товар ва хизматларга қўйиладиган стантдартлар талабларининг юқорилиги ҳисобидан уларнинг сифат даражаси ҳам ошади.
“Шу билан бирга, қатор салбий омиллар ҳам борки, етарли даражада тайёргарлик кўришимизни тақозо этади. Хусусан, ЕОИИга аъзо давлатлардаги ишлаб чиқарувчилар билан рақобатга бардошли бўлмаган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар банкрот бўлиши мутаносиб равишда иш ўринлари ҳамда ЯИМ ҳажмининг камайишига олиб келиши мумкин. Ўзбекистонда ҳали ривожланиб улгурмаган ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш сегментлари Иттифоқнинг бошқа аъзо давлатлари корхоналари томонидан эгаллаб олиниши хавфи ҳам сақланиб қолади”, дейди Ўктамжон Исломов.
“Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги қатор ижобий натижалар билан бирга, айрим зиддиятли масалаларни ҳам келтириб чиқариши мумкин. Биринчидан, импорт қилинувчи маҳсулотлар нархининг тушиши натижасида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг бозордаги ўрнини сақлаб қолиши қийинлашади. Айниқса, монопол хусусиятга эга бўлган тармоқларнинг бозордаги ўрни хавф остида қолади. Шу билан бирга, ЕОИИ доирасида умумий божхона тарифларининг ўрнатилиши ортидан баъзи товарларнинг қимматлашиши юзага келиши мумкин”, дейди депутат Абдулло Аслонов.
Аслонов шунингдек, Ўзбекистон ва ЕОИИнинг йирик иқтисодиётлари ўртасида иш ҳақи ҳажми бўйича сезиларли тафовутлар борлиги сабабли мамлакатда ишчи кучининг оммавий тарзда хорижга кўчиши юз бериши мумкинлиги, бу эса, қишлоқ хўжалиги соҳасида хизмат қилувчиларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг қимматлашувига олиб келиши мумкинлигини айтади.
У қўшимча қилиб, ЕОИИ билан яқин ҳамкорлик ўрнатадиган бўлинса, бошқа тарафдан ижобий ўзгаришларга олиб келиши мумкинлигини айтади. Ушбу ўзгаришларда миллий манфаатларини ҳимоя қилиб, халқ фаровонлиги ва тинчлик-хотиржамлигини таъминлаш ўта муҳим ҳисобланади.
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари, депутат Қодир Жўраев ЕОИИ билан ҳамкорликнинг айрим салбий томонлари ҳам борлигини айтди. ЕОИИга аъзо давлатларнинг бирортасига хорижий давлатлар ёки халқаро ташкилотлар томонидан санкциялар қўлланиладиган бўлса, бу ҳолат Ўзбекистонга ҳам таъсир ўтказмасдан қолмаслигини тушунтирди.
“Ҳозирда ЕОИИга аъзо энг асосий мамлакат бўлмиш Россия Федерациясининг халқаро санкциялар ва босим остида қолаётганлиги ва келгусида ушбу санкцияларнинг янада кучайтирилиши мумкинлиги бизни ҳамиша сергак бўлишга даъват этади. Россия Федерацияси Иттифоқ иқтисодий потенциалининг салкам 85 фоизини ташкил этувчи мамлакат бўлиб, келгусида унга нисбатан санкциялар янада кучайтириладиган бўлса, бу ЕОИИнинг бошқа аъзо ва ҳамкор давлатларининг иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатади”, дейди Қодир Жўраев.
Қодир Жўраев йиғилишда қатнашганларга дунёда коронавирус пандемияси оқибатида энергия ресурслари, хусусан, нефть нархининг тушиб кетиши Россия Федерацияси рублининг кескин қадрсизланишига олиб келганлиги, бу ҳолат Иттифоқнинг бошқа аъзо давлатларининг иқтисодиётига ҳам салбий таъсир ўтказаётганлигини эслатди.Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиш истиқболларини кенг қамровли таҳлиллар асосида ўрганиш, бунда эса нафақат миллий, балки нуфузли хорижий ҳамда халқаро экспертлар ва консалтинг компаниялар билан муҳокамалар ўтказиш талаб этилади. Шундан кейингина Ўзбекистон ЕОИИ билан ҳамкорлиги қай шаклда бўлиши тўғрисида якуний хулосага келиш мумкин, дейди депутат.
LiveБарчаси