...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ғафур Раҳимовнинг ёмонотлиқ бўлишида Гулнора Каримованинг қўли бор...ми? Раҳимов жавоб берди


17:29, 18.10.2018 Олам
 13 990

Раҳимов исмини АҚШ Молия вазирлигининг “қора рўйхати”дан ўчиртиришга ҳаракат қиляпти.

Халқаро ҳаваскорлар бокс ассоциацияси (AIBA) президенти вазифасини бажарувчи ўзбек ишбилармони Ғафур Раҳимов “Around the Rings”га интервью берди.
 
Раҳимов ўз интервьюсида унинг номини ёмонотлиққа чиқариш кампаниясига Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти  Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова бошчилик қилганини айтган.
 
Раҳимовнинг сўзларига кўра, айнан Каримова ва унинг иттифоқчилари, тадбиркорнинг жиноий ташкилотларга алоқадорлиги ҳақида ёлғон хабарлар тарқатган. Натижада АҚШ Молия вазирлиги Раҳимовни “қора рўйхат”га киритган.
 
“Америка Молия вазирлигининг санкциялар рўйхатига тушишим ўша вақтдаги Ўзбекистон ҳукмрон доираларининг босими ортидан юз берган. Гулнора Каримова ва унинг чевраси мендан уларнинг лойиҳасини молиялаштиришимни сўраганда рад қилгандим. Ўшанда бизнесим инқирозга учраши учун менга босим ўтказа бошладилар. АҚШ Ғазначилиги департаментига менинг жиноий ташкилотлар билан алоқам борлиги ҳақидаги ёлғон маълумотларни беришди. Ўша даврда Гулнора Каримова Ўзбекистонда катта кучга эга эди. Шу сабабдан 2010 йилда ўз хавфсизлигим учун оилам билан Ватанимни тарк этишга мажбур бўлгандим”, деган Раҳимов.
 
У исмини АҚШ Молия вазирлигининг “қора рўйхати”дан ўчиртиришга ҳаракат қиляпти. Бизнесмен бу жудаям қийин жараён эканини айтиб, адвокатлари бу борада салмоқли ишни уддалаганлигини ва яқин уч-олти ойда хатолик тузатилишини таъкидлаган.


 
Жараённинг боришида Ўзбекистон Ҳукуматининг позицияси муҳим роль ўйнаяпти. 2018 йил сентябрь ойида AIBA ижроия қўмитасига Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Очилбой Раматов имзолаган хат юборилган. Хатда Ғафур Раҳимовнинг ўтмишдаги жиноий фаолияти тўғрисидаги ҳар қандай маълумот замирида асоссиз далиллар борлиги ва адолатсизлиги айтилган. Бундан ташқари, Раҳимов ноябрь ойида AIBA президентлигига сайланса, Ўзбекистон Ҳукумати ташкилотни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши билдирилган.
 
Раҳимов 1998 йилдан бери AIBA ижроия қўмитаси аъзоси ҳисобланади. 2018 йил январда уни ассоциация президенти вазифасини бажарувчи этиб тайинлашган. У бу лавозимни тайванлик Чинг Куо-Ву ўрнига эгаллади. Собиқ президент ассоциация маблағларини талон-тарож қилиш ва уни банкрот ҳолатига олиб келишда айбланганди.
 
Ғафур Раҳимов 2012 йилда “Братский круг” гуруҳи етакчиларидан бири сифатида АҚШ Молия вазирлигининг санкциялар рўйхатига кирган.
 
Дарвоқе, Ғафур Раҳимов ва унинг турмуш ўртоғига нисбатан жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Республика Ички ишлар вазирлиги томонидан Жиноят Kодексининг 165-моддаси 3-қисми а-банди (товламачилик), 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 228-моддаси 3-қисмида (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланиб қидирувга берилган эди. Орадан бир ой ўтар-ўтмас унинг номи қидирувдаги шахслар рўйхатидан олиб ташланди.
 
Эслатиб ўтамиз, AIBA президентлигига сайлов 2-3 ноябрь кунлари Москвада бўлиб ўтади.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Ғафур Раҳимов Гулнора Каримова 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!