...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ғафур Раҳимов: “Ўзбек эканлигимдан фахрланиб кетаман”


12:43, 28.07.2018 Спорт
 9 431

Кеча AIBA президенти Ғафур Раҳимов Ўзбекистонга келди.

Аввалроқ, Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти, Халқаро ҳаваскор бокс ассоциацияси (AIBA) президенти вазифасини бажарувчи Ғафур Раҳимов Ўзбекистонга ташриф буюриб, Миллий олимпия қўмитасида меҳмон бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Меҳмонни ЎФА биринчи-вице президенти ва МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов кутиб олди. Икки йирик спорт ташкилотлари раҳбарлари ўртасидаги учрашувда Ғафур Раҳимов Ўзбекистонда спортга қаратилаётган эътибор ҳақида гапирди.
 
“Таклиф учун раҳмат. Биласиз, AIBA жаҳонда учинчи ёки тўртинчи ўринда турувчи спорт федерацияси ҳисобланади. Бокс бутун дунёда яхшигина ривожланиб кетган. Ҳаваскорлар ўртасида ҳам, профессионаллар ўртасида ҳам мусобақалар ташкил қилиб келинмоқда. Янги мусобақаларга асос соляпмиз. Аралаш яккакураш бўйича янги йўналишни Олимпия ўйинлари дастурига киритмоқчимиз. Унда икки нафардан эркак ва аёл ўртасида баҳс кечади. Бу қизиқарли спорт мусобакаси бўлиши кутилмоқда.
 
Ўзбекистонда спортга қизиқиш доимо юқори даражада бўлган. Ўзбек замини жаҳонга кўплаб кучли ва юлдуз спортчиларни тақдим этган. Сўнгги икки йилда эса спортга, ёшлар билан ишлашга эътибор жуда ошди. Сўнгги бир йилнинг ўзида Ўзбекистонда спорт соҳасида, умуман жисмоний тарбия таълими ва Олимпия ҳаракатида инқилобий ўзгаришлар юз бермоқда. Албатта, бу ўзгаришлар Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотларнинг муҳим бир йўналишидир.
 
Мен хизмат сафарлари билан кўп мамлакатларда бўламан. У ерда мени ўзбек эканлигимни билишгач, Ўзбекистонда юз бераётган катта ўзгаришлардан хурсанд эканликларини изҳор килиб, мамлакатимиз раҳбари томонидан қисқа муддатлар ичида амалга оширилаётган тарихий ислоҳотларни алоҳида эътироф этишади. Шундай пайтларда мен ўзбек эканлигимдан фахрланиб кетаман. Президентимиз ҳар бир ўзбекистонлик учун намуна ва ибрат тимсолидир. Мамлакат раҳбари спортга шундай эътибор қаратяптими, унинг ишончини оқлаб, янги ғалабалар, олтин ва кумуш медалларни қўлга киритиш лозим”, деди Ғофур Раҳимов.
 
Шунингдек, AIBA раҳбари Ўзбекистонда бокс ривожи учун ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр эканлигини маълум қилди.
 
“Ишонтириб айтаманки, Ўзбекистонда бокснинг ривожланишида AIBA ҳар томонлама ёрдам беради. Бундан ташқари, ўзбек бокси мактаби ўз шонли тарихига эга. Устозлар анъанасини ёш авлод муносиб давом эттириб, Токио Олимпиадасида энг баланд чўққига эришишларига ишончим комил. Кўрсатилган эҳтиром ва ҳурмат учун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига чуқур миннатдорчилигимни изҳор қилмоқчиман. Ҳамкорлигимиз муваффақиятли ва истиқболли бўлишига ишончим комил”, деган AIBA Президенти вазифасини бажарувчи Ғафур Раҳимов.
 
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистонда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат томонидан қаратилаётган эътибор ва бошқа бир қатор масалалар юзасидан фикрлар ҳам алмашдилар.
 
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғафур Раҳимов Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан товламачиликда айбланиб қидирувга берилган эди. Кейинчалик ИИВ бу эълонни ўз сайтидан олиб ташлаган.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Ғафур Раҳимов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!