Коронавирус ҳақида ёлғон хабар тарқатган депутатга нисбатан жиноят иши қўзғатилди – БП
Жамият
−
01 Апрель 2020
15107Жорий йилнинг 28 март куни Қўқон шаҳар А.Т.Хуқандий мавзесида яшовчи 1979 йилда туғилган хусусий корхона раҳбари, Халқ депутатлари Қўқон шаҳар кенгаши депутати Х.Н. Республика Махсус комиссиясининг карантин қоидаларини қўпол равишда бузган. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Х.Н. Telegram мессенжерида очилган гуруҳлар аъзоларига Қўқон шаҳрида 2 нафар шахсда коронавирус касаллиги аниқланганлиги ва улар карантинга олинганлиги ҳақида жонли тарзда аудио ёзуви орқали ҳақиқатга тўғри келмайдиган уйдирма ва ёлғон маълумотларни тарқатган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан 31.03.2020 йил куни Х.Н.га нисбатан ЖКнинг 244-5-моддаси (Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.