... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Футбол фахрийлари Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат билан чиқишди


16:25, 11.09.2017 Спорт
 13 165

Резолюцияга имзо чеккан футбол фахрийлари Шавкат Мирзиёевга ЎФФ президентлигига сайловлар ўтказиш муддатини ортга суриш ҳақидаги таклифни ҳам билдиришди.

“Ўзбекистонда спорт ташкилотларини бошқариш ва дунё тажрибаси" конференцияси иштирокчилари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, давлат маслаҳатчиси Аҳмадхўжа Юнусхўжаев, жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, миллий олимпия қўмитаси раиси Алишер Султонов ва Ўзбекистон футбол федерацияси аъзолари номига резолюция қабул қилишди.
 
Унга кўра, 7 сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда спорт ташкилотларини бошқариш ва дунё тажрибаси” конференциясида мамлакатда спортни бошқарув, хусусан, Ўзбекистон футбол федерацияси, профессионал ва болалар-ўсмирлар футболига оид масалалар муҳокама қилинган.
 
“Ўзбекистонда футбол муваффақиятли ривожланиши учун барча имкониятлар мавжудлигига мутлақо ишончимиз комил. Бироқ футболни бошқарувдаги тизимли муаммолар, ривожланиш дастурининг мавжуд эмаслиги — футболнинг оғир инқирозга учрашига олиб келди.
 
Зудлик билан чора кўрилмаса, узоқ йиллар давомида жаҳон майдонларида миллий терма жамоалар ва клуб футболи даражасида рақобат қилиш қобилиятидан мосуво бўлинади”, дейилади резолюцияда.
 
Инқирозли ҳолатларни бартараф этиш ва Ўзбекистонда футболни ривожлантириш учун шароитлар яратиш мақсадида мурожаат қилувчилар Ўзбекистон Президенти ҳузурида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш бўйича кенгаш тузишни, 2018–2023 йилларда Ўзбекистонда футболни ривожлантириш бўйича давлат мақсадли дастурини ишлаб чиқишни таклиф этишган.
 
Резолюцияда баён этилишича, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионати финал босқичига чиқа олмаганлиги — Ўзбекистон футбол федерациясининг асл фаолияти қандай ҳолатда эканлигини кўрсатиб беради.
 
“2017 йил 12 сентябрь куни янги президентни сайлаш бўйича ЎФФ конференциясини ўтказиш режалаштирилган.
 
Аммо ЎФФ президентлигига сайловлар кенг футбол жамоатчилиги иштирокисиз, номзодларнинг сайловолди дастурлари муҳокама қилинмасдан ёпиқ тарзда ўтказилиши — ўзбек футболидаги ислоҳотлар ва унинг истиқболи борасида хавотир уйғотади.
 
Юзага келган вазиятда ЎФФ президентлигига сайловлар ўтказиш муддатини ортга суриш ва сайловларни ФИФА сайлов регламенти талабларига мувофиқ демократик асосда ўтказиш зарур деб ҳисоблаймиз”, дея ёзилган резолюцияда.
 
Резолюцияга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Биродар Абдураимов, “Пахтакор” фахрийлари Вячеслав Солохо, Николай Любарцев, 2007 йили Осиёнинг энг яхши мураббийи бўлган Рауф Инилиев, Ўзбекистон футбол федерациясининг биринчи президенти бўлган Эльмар Аминов, футбол фахрийлари Андрей Фёдоров, Азамат Абдураимов, “Локомотив” жамоаси бош мураббийи Андрей Микляев ва футболчи Тимур Кападзелар имзо чекишган.
 
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилнинг 12 сентябрь куни ЎФФ президентлиги учун сайлов бўлиб ўтиши ҳақида хабар бергандик.
 
ЎФФ Матбуот хизмати ЎФФ Устави асосида ўтказиладиган Ҳисобот-сайлов конференциясига тайёргарлик кўраётганини маълум қилди.
 
Ҳозирда ЎФФ Президентлигига номзод бўлган шахслар ҳақида ахборот тайёрланиб, ФИФА ҳамда ОФК ташкилотларига юборилади.
 
Шундан сўнг, ЎФФ Президентлигига номзодлар номи оммага расман эълон қилинади. Шунингдек, сайлов тадбирида ОФК ва ФИФА ташкилотларидан вакиллар ҳам иштирок этади.
 
Шу ўринда савол туғилади... Футбол фахрийлари нега хавотирда?
 
Фахрийлар резолюциясида “сайловлар ўтказиш муддатини ортга суриш” ҳамда  “сайловларни демократик асосда ўтказиш” жумлалари қайд этилган.
 
Нима, Ўзбекистон футбол федерацияси фаолиятида нохолислик ҳолатлари мавжудми? Унинг фаолияти давлат ва жамоатчилик назорати остида бўлиши керак эмасми?
 
Таҳририятимиз юқорида келтирилган саволларга футбол мухлислари ва мутасадди ташкилотлар мутахассислардан таҳлилий мулоҳазалар кутиб қолади.  
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Футбол фахрийлари Президент Шавкат Мирзиёев резолюция 

Дўстларингиз билан бўлишинг:


Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!