Франция Мудофаа вазири Шойгуга қўнғироқ қилди

Олам

image

Франция Мудофаа вазири Себастьян Лекорню россиялик мавқедоши Сергей Шойгуга 2022 йил октябрь ойидан бери биринчи марта қўнғироқ қилди. Бу ҳақда кеча, 3 апрель куни Франция Мудофаа вазирлигига таяниб, “Le Monde” нашри хабар берди

“Лекорню Шойгу билан суҳбатда ИШИД жангарилари жавобгарликни ўз зиммасига олган “Крокус Сити Ҳолл”даги терактни қоралади ва Франция террорчилар қурбонлари ва уларнинг оила аъзолари билан бирдамлигини билдирди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Бундан ташқари, вазир Францияда ушбу теракт ва Украина ўртасида алоқа ўрнатиш учун маълумот йўқлигини яна бир бор таъкидлади ва Россияни “ҳар қандай эксплуатацияни тўхтатишга” чақирган.

"Вазир Россиянинг Украинада бошлаган босқинчилик урушини қоралади ва Франция Украинани Европа қитъасида тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида эркинлик ва суверенитет учун курашда зарур бўлган вақтгача ва интенсив равишда қўллаб-қувватлашда давом этишини эслатди", дейилади хабарда.

Россия томони эса вазирлар ўртасидаги суҳбат “француз томонининг шошилинч илтимосига кўра” бўлиб ўтганини маълум қилди. Россия Мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, Лекорню "Украина ва Ғарб давлатларининг “Крокус”даги терактга алоқаси йўқлигига қатъий ишонтиришга ҳаракат қилган". 

Ўз навбатида, Шойгу Россия расмийларида ҳужум уюштиришда "Украина изи ҳақида маълумот" борлигини айтган. 

“Киев режими Ғарб кураторларининг розилигисиз ҳеч нарса қилмайди. Умид қиламизки, бу ҳолатда Франция махсус хизматлари бунинг ортида турмайди”, деган Россия Мудофаа вазири.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин АҚШ разведкаси Россияга “Крокус Сити Ҳолл”да теракт содир этилиши эҳтимоли ҳақида маълумот юборганини тан олган, аммо бу жуда умумий бўлганини айтганди. “The Washington Post” газетаси эса икки америкалик расмийга таяниб, “Крокус Сити Ҳолл”даги терактдан икки ҳафтадан кўпроқ вақт олдин, 6 март куни АҚШ расмийлари Россияни ушбу жой ҳужум учун потенциал нишонга айланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганини ёзди. Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев Остонада бўлиб ўтган ШҲТ мажлисида теракт Киев томонидан ташкиллаштирилганини айтди ва теракт учун жавобгарликни бўйнига олган ИШИД ва бошқа террорчи ташкилотларни АҚШнинг ўзи яратганини таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Франция Сергей Шойгу Себастьян Лекорню

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг