Эрондан учган илк самолёт Тошкентга келиб қўнди

Жамият

image

Аввалроқ, бугун, 9 декабрдан эътиборан Ўзбекистон ва Эрон ўртасида авиақатновлар тиклангани ҳақида хабар берган эдик. 

Эроннинг “Zagros Airlines” авиакомпанияси томонидан  “Теҳрон-Тошкент-Теҳрон” йўналиши бўйлаб учган самолёт Ислом Каримов номидаги "Тошкент" халқаро аэропортига келиб қўнди. Делегация Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбарияти  томонидан тантанали кутиб олинди. 

Эрон авиакомпанияси дастлабки босқичда мазкур йўналишдаги парвозларни ҳафтасига бир марта бажаради, кейинчалик парвозлар мунтазамлилиги ҳафтасига икки мартага етказилиши режалаштирилган. П

арвоз 148 кишини ўзида сиғдира олувчи Airbus A320 самолётида амалга оширилди. Рейснинг илк йўловчилари Эрон Ислом Республикасининг ҳукумат вакиллари ҳамда туроператорларлар бўлган. 

Таъкидлаш лозимки, Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги охирги рейс 2016 йилда амалга оширилган. Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги мунтазам парвозларнинг тикланиши икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва сайёҳлик соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга туртки берaди.

Статистик кўрсаткичларга кўра, Эрондан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сони 25 фоизга ошган. Шу йилнинг январь-ноябрь ойида Ўзбекистонга 3124 нафар Эрон фуқароси туризм мақсадида ташриф буюрган, 2018 йилнинг худди шу даврида эса бу кўрсаткич 2507 кишини ташкил қилган. 

Маълумот учун, Эрон Ислом Республикасининг “Zagros Airlines” авиакомпанияси 2005 йилда Ободон шаҳрида ташкил этилган. Авиакомпания Меҳробод ва Ободон халқаро аэропортларидан ўзининг операцион базаси сифатида фойдаланади. “Zagros Airlines” авиакомпанияси бугунга келиб Арманистон (Ереван), Озарбайжон (Баку), Ироқ (Нажаф, Боғдод), Туркия (Истанбул, Измир) ва БАА (Дубай) давлатларига авиақатновларни йўлга қўйган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон аэропорт

Баҳолаганлар

86

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг