Адлия иши: “Қишлоққурилишбанк” айтди ҳам, қайтди ҳам
Таҳлил
−
06 Декабрь 2019
10472Кеча QALAMPIR.UZ сайтида “Адлия вазирлигининг иши “Кариб денгизи қароқчилари” фильмидаги саҳнани эслатди” номли мақола эълон қилгандик. Бунга Адлия вазирлиги қолиб АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Ахборот хизмати муносабат билдирибди. Унда шундай дейилган:
“АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” томонидан “Constant Trading” МЧЖга кредит берилиб, ушбу кредит таъминоти сифатида жамиятга тегишли кўчмас мулк гаровга олинган.
Мазкур корхона мол-мулки билан боғлиқ низо 2019 йил 18 июлда Фарғона шаҳар маъмурий судида ва 2019 йил 29 августда вилоят маъмурий судида кўриб чиқилиб, “Constant Trading” МЧЖнинг мулк ҳуқуқига доир ҳужжатларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарорлари қабул қилинган.
Ушбу хусусийлаштирилган кўчмас мулк бўйича хусусийлаштириш натижаларини бекор қилиш бўйича Олий судда иш кўриб чиқилаётган вақтда, ушбу масалада тушунтириш беришни сўраб банк томонидан жорий йилнинг 21 октябрида Адлия вазирлигига мурожаат қилинди.
Адлия вазирлиги АТБ “Қишлоқ қурилиш банк”нинг мурожаатини кўриб чиқиб, жорий йилнинг 25 октябрида амалдаги қонунчиликка кўра давлат мулкини хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилиниши мумкин эмаслигини ҳақида ўз муносабатини билдирди.
Олий судда иш 2019 йил 1 ноябрда кўриб чиқилиб, “Constant Trading” МЧЖ фойдасига ҳал этилди.
“Constant Trading” МЧЖнинг мулки Фарғона шаҳар ҳокимининг 2019 йил 19 сентябрдаги 965-сонли қарори билан мулк самарасиз фойдаланилаётганлиги ва бўш турганлиги важи билан шаҳар ҳокимлиги захирасига олинганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат бўйича “Constant Trading” МЧЖнинг хорижий ҳамкори бўлган “Alpha International Consultancy DMCC” томонидан Адлия вазирлигига жорий йил 27 ноябрь куни мурожаат қилиниб, ҳокимнинг қарорини бекор қилишда амалий ёрдам сўралган.
Адлия вазирлиги хусусий мулк ҳуқуқи бузилишига сабаб бўлган Фарғона шаҳар ҳокимининг ушбу қарорини бекор қилиш бўйича жорий йилнинг 30 ноябрь куни Фарғона шаҳар ҳокимига тақдимнома киритди.
Қайд этиш керакки, мазкур тақдимнома юзасидан Адлия вазирлигининг баёноти оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши бошқа мансабдор шахслар бу каби ҳолатларга келгусида йўл қўймаслигига бўлган чақириқ ҳисобланади.
Бевосита Адлия вазирлигининг кўрсатган ёрдами билан анчадан буён ҳал бўлмаётган мазкур муаммоли вазият ўз ечимини топди ва “Constant Trading” МЧЖнинг хусусий мулкка эгалик ҳуқуқи тикланди.
Бизга маълум бўлишича, вазирлик томонидан бутун республикада бу каби ҳолатлар таҳлил қилиниб, юқори ташкилотларга тегишли чоралар кўриш тўғрисида таклифлар киритилган. Қайд этиш лозимки, Адлия вазирлиги мазкур низоли иш бўйича суд ишларига умуман жалб этилмаган ва суд мажлисларида иштирок этмаган.
АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” ва “Constant Trading” МЧЖ ушбу низо юзасидан холисона ўз муносабатини билдиргани, кўрсатган амалий ёрдами учун Адлия вазирлигига, низонинг адолатли кўриб чиқилгани учун Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ва Қува туман маъмурий судига ўз миннатдорчилигини билдиради”.
Бу баёнот АТБ “Қишлоқ қурилиш банк”нинг Telegram мессенжерида эълон қилинганда унда шундай жумлалар ҳам бўлганди:
“Шу билан бирга, qalampir.uz веб-сайти таҳририятидан ва бошқа оммавий ахборот воситаларидан мазкур масалага дахлдор ташкилотлар ва шахсларнинг розилигисиз турли хил нохолис ахборотлар тарқатмаслигини сўраб қоламиз”.
Бироқ, айнан шу қисм мазкур воқеадан бироз ўтгач, ўчирилган. Энг қизиғи, жамият ва банк ўртасида келишилиб имзоланилган қўшма баёнотда ҳам бу қисм бўлмаган.
Бундан ташқари, айнан Адлия вазирлигига қаратилган саволлар яна очиқ қолмоқда. Нега жамият ишончли вакилининг Адлия вазирлигининг 1008 ишонч рақамига йўллаган мурожаати ерда қолиб кетди? Нега Адлия вазирлиги 30 ноябрь санасида киритган тақдимномасини 4 декабрь санасида эълон қилди? Суд қарори 3 декабрь кунида тушликдан сўнг қабул қилинганди. Нега айнан иш судда кўриб бўлингунча кутилди? Ёки суд қарори ҳокимлик фойдасига ҳал этилганда, бу баёнот эълон қилинмасмиди?
Айнан шу каби муаммоларга вазирлик томонидан тегишли ташкилотларга киритилган тақдимномалар сони қанча? Нега шу каби киритилган тақдимномалар ўз вақтида эълон қилиб борилмаяпти? Очиқлик ва ошкоралик сиёсатининг асосий локомативи бўлган Адлия вазирлиги бошқаларга бу борада ўрнак бўлади, деган умиддамиз.
Адлия вазирлиги нега жим? Холбуки, QALAMPIR.UZ’га нисбатан ижтимоий тармоқларда айримлар томонидан аллақачон “нохолислик” тамғаси ёпиштириляпти. Биз расмий баёнотни кутишда давом этамиз.
LiveБарчаси