Ўзбекистон масофавий иш ва онлайн таълимга тайёрмиди?

Жамият

Ўзбекистонда янги турдаги коронавирус COVID-19 пандемияси даврида кўпроқ қайси соҳаларга эътибор қаратилиши керак эдию бироқ бундай бўлмади? Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати – “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурхонов QALAMPIR.UZ билан ўтказган онлайн-мулоқотида шундай дейди: 

“Пандемия шароитида кўпроқ эътибор бериш керак бўлган, лекин эътибор берилмаган соҳалар ҳақида гапирмоқчиман. Биринчиси, пандемия шароитидаги олий таълим. Иккинчиси, пандемия шароитидаги ахборотлаштириш.  Оддий мисол, бугун сиз билан боғланишимиз учун алоқа яхши эмаслигидан қанча вақтимиз кетди. Бу соҳалар қай даражада тайёр эмаслигини, иккинчидан улар ҳаракат қилмаётганини кўрдик. Мана шу таҳликали даврда бу соҳалар шароитлар яратиб беришга биринчи ўринда энг катта ҳаракатни қилиши керак эди. 

Рақамлаштириш жараёнида таълимга оид кўплаб мурожаатлар бизга ҳам келиб тушяпти. Онлайн таълимга ўтиш керак, онлайн уланинглар дейишяпти. Лекин на интернети бор, ну унга тўлайдиган маблағи бор. Қарс икки қўлдан чиқади. Олий таълим вазирлиги ва Ахборот технологиялар ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ўзаро келишмайдими? Ёки бўлмаса уяли алоқа компаниялари. Мана буни четда қоляпти, деса бўлади. Масалан, мен уяли алоқа компанияларидан ташаббусни кўрганим йўқ. Ҳатто, давлат тасарруфидаги UZTELECOM, UZONLINE ҳам қанчадир мб бериш билан чекланиб қоляпти. У ҳам айрим тоифадагилар”. 

Кўплаб мамлакатларда компьютер ва уяли телефонлардаги дастурлар – видеоконферец алоқа орқали таълим олишга жуда тез киришилди. Бунинг асосий омилларидан бири эса таълим берувчи ва таълим олувчининг сифатли интернет билан таъминлангани. Бунда таълим телеканаллардаги дарслардан фарқ қилади. Унда ўқувчилар билан мулоқот қилиш, саволларга жавоб олиш, дарсларини текшириш мумкин. Ўзбекистонда интернет нархи арзон эмас. Аммо нархга яраша хизмат кўрсатиляптими? Ўтган бир ойда Ўзбекистонда карантин чораларининг кучайтирилиши мамлакатда интернетга бўлган эҳтиёжнинг ортишига сабаб бўлди. Акмал Бурхонов бу ҳақда шундай дейди:

“Таълим соҳаси – мактабгача таълимдан олий таълимгача ва ахборот технологиялари бугунги кундаги ўзгаришлар билан мос равишда ривожланмаганини кўрдик. Ўз холига ташлаб қўйилгани,  анъанавий тизимда қолиб кетгани, буни тўғри деб ўйлашганини кўрдик. Ўйлайманки, мутасаддилар бугунгача бўлган тизимни нотўғри йўлга қўйилгани ва бугун мана шу пайтга келганда ўзгаришга тайёр эмасликларини тушуниб етганлар, деб ўйлаймиз. Чунки бу Президент даражасида ҳам, парламент даражасида ҳам бир неча бор кўтарилган масала. Таълим соҳасида мактабагача таълимми ё олий таълим, улар бизга бизники энг зўр тизим, онлайн таълимда ҳам, масофавийда ҳам жуда кўп таълимлар бўляпти деб сингдириб келишган. Ахборот технологиялари ҳам худди шундай”.

Карантин даврида мамлакатда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхона ва ташкилотларга ишни имкон қадар масофадан ташкил этиш вазифаси қўйилган эди. Хўш, ишни масофавий ташкил этишга тайёрмидик? Бунда қайси дастурлардан фойдаланиш бўйича тажрибамиз бормиди? Бурхоновга кўра, ҳатто, парламентда ва Ҳукуматда ZOOM дастуридан бехабарлар бўлган. 

“Бир гап айтайми? ZOOM тизимини, ҳатто, парламентда ҳам, Ҳукуматда ҳам ҳали шундай дастур ҳақида билмаганлар борлиги мени ачинтирди. Тан олиб айтиш керак. Менга ҳамкасбларим ёки Ҳукуматдагилар “онлайн конференция қилмоқчимиз, қайси тизимдан фойдаланса бўлади?”, деб мурожаат қилишади. Кўп йиллар бу қандай бўлган? Олдиндан ёзиб олиб, конференцияларда қўйиб берардик. Тўғри, масаланинг бошқа тарафи ҳам бор: имкониятларимиз, ахборот технологиялари. Мен ижобий нарса олиш учун коронавирус пандемияси бизга дарс бўлади ва шу соҳаларнинг ўзгаришига ҳам туртки бўлади, деб ўйлайман”.

Ушбу видеоинтервьюни юқоридаги видеоплеерда ва YouTube’даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин. 


Мақола муаллифи

Теглар

Акмал Бурхонов онлайн таълим

Баҳолаганлар

66

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг