Тошкент метросида коронавирус юқтириб олиш хавфи қанчалик юқори? (видео+фото)

Жамият

5 ойлик танаффусдан сўнг Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан 15 август соат 6:00 дан эътиборан, Тошкент метрополитенининг “Ўзбекистон”, “Чилонзор” ва “Юнусобод” линиялари доимий иш режимида фаолият юритишни бошлади.

QALAMPIR.UZ мухбири карантин шароитида Метрополитен фаолиятини кузатиш мақсадида “Бодомзор”, “Шаҳристон”, “Амир Темур” бекатларида бўлди. Кўриб турганингиздек йўловчилар оқими кўп эмас. Аммо карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ҳаракатланаётганлар бор. Метрода айрим қоидаларни бузаётганлар ҳам учраб турибди. Бундай вазиятда Метрополитен ходимлари уларни огоҳлантириб, қоидаларга амал қилишлари зарурлигини эслатмоқда.

“Метрополитен очилганига бугун тўрт кун бўлди. Бу тўрт кун ичида турли хил йўловчиларни кузатдик. Ички ишлар ходимлари томонидан тана ҳарорати ўлчанган вақтда 37 даражадан юқори бўлгани кузатилди ва йўловчиларга бир оз дам олишлари тавсия қилинди. Аксарият холларда бундай йўловчиларни бир икки дақиқа мобайнида ҳарорати ўз жойига тушганидан сўнг, метрополитен худудига киритилди.

Бундан ташқари, йўловчиларнинг тиббий ниқобдан тўғри фойдаланмаслик ҳолатлари ҳам кузатилди. Яъни тиббий ниқобни жағнинг паст қисмига тушириб олиб ёки бурин очиқ ҳолда юрганларга ҳам гувоҳ бўлдик. Бундай вазиятда ходимлар томонидан йўловчиларга танбех берилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди”, деди Тошкент метрополитени Матбуот хизмати ходими Рустамбек Пўлатов.

Табиийки, метрода йўловчилар кўплигини ҳисобга олган ҳолда, махсус чоралар кўрилди. Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида ва уларнинг соғлигини инобатга олган ҳолда метрога кириш қисми дезинфекция тоннели билан жиҳозланди. Ҳар бир йўловчи тиббий ниқобда бўлиши шарт этиб белгиланди ва деворларга шуни эслатиб турувчи ёрлиқлар ёпиштирилди. Тоннелдан ўтишингиз билан антисептик восита орқали қўлларингизни дезинфекция қиласиз. Метрога кириш учун жетон сотиб олгач, махсус тепловизор сизнинг ҳароратингизни ўлчайди. Шуни алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, сиз ушбу қурилмани қаршисига келмасангиз ҳам у сизнинг ҳароратингизни масофадан ўлчайди.

Касса, кутиш ҳаттоки вагонлар, метро йўлаклари ҳам махсус ёрлиқлар билан тўлдирилган. Бу йўловчилар орасидаги ижтимоий масофани сақлаш учун кўмакчи бўлади.

Бундан ташқари ҳар бир метро вагони дезинфекция қилинади. Бу тўғрида Метрополитен вакили қўшимча маълумот берди.

“Дезинфекция масаласига тўхталадиган бўлсак, вагонларимиз биринчи бекатдан чиқишларидан олдин. Умумий дезинфекциядан ўтмоқда. Бундан ташқари таркиб сўнги манзилга етиб келганидан сўнг ҳам умумий дезинфекция қилинмоқда. Умумий 22-24 дақиқа ичида метрополитен таркиби икки маротаба дезинфекциядан ўтади”, дейди Рустамбек Пўлатов.

Агар ҳали метрога тушиб улгурмаган бўлсангиз. Унда ерости транспортидан фойдаланишга қўрқманг. Метрода ҳаракатланиш учун ўрнатилган талабларга риоя қилсангиз, касаллик юқтиришдан хавотир олмасангиз ҳам бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

метро

Баҳолаганлар

115

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг