“Депутатга популизм ярашадими?”. ИИВ депутатга жавоб қайтарди

Жамият

image

Хабарингиз бор, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Махфират Хушвақтова ички ишлар органлари ходимлари шифокорларни автомобиль бошқаришини  ҳуқуқбузарлик сифатида баҳолаб, жазога тортаётганини танқид қилган эди. Депутат ўз баёнотида айрим ички ишлар ходимлари “саллани деса, каллани олиб келиш” қабилида иш тутаётганини айтган. Депутатнинг ушбу фикрлари бўйича Ички ишлар вазирлиги ўз муносабатини билдирди.


“Ўзбекистон Республикасига коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг (кейинги ўринларда – Махсус комиссия) 2020 йил 8 апрелдаги 17-сон баёни билан автотранспорт воситалари ҳаракатланишига рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхати тасдиқланди.


Рўйхатнинг биринчи бандида Давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат ва ходимларининг шахсий автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун рухсатнома талаб этилмаслиги белгилаб берилган.


Шу билан бирга, 17-сон баён талабларига кўра, автотранспорт воситаларида ҳаракатланаётган тиббиёт ходимлари ёнида Давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларда фаолият юритаётганлиги тўғрисидаги меҳнат дафтарчасидан нусха ва иш жойидан тасдиқловчи ҳужжат бўлиши шарт.


Таъкидлаб ўтиш лозимки, Махсус комиссиянинг қарорлари талабларини бажармаслик карантин талабларини бузган, деб ҳисобланади ва тегишли маъмурий чоралар кўрилади.
Карантин талаблари бузганлик учун маъмурий баённомалар Ички ишлар органлари ходимлари (кейинги ўринларда – ИИО) томонидан эмас, балки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси (кейинги ўринларда – СЭН) ходимлари томонидан тузилади”, дейилади расмий хабарда.


Вазирликнинг маълумотига кўра, ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мақолаларда ИИО ходимлари белгиланган талабларни бузганлиги тўғрисида аниқ бирор-бир мисол келтирилмаган ва уларнинг қандай вазифаларни бажараётганлиги тўлиқ ўрганиб чиқилмасдан, ходимларга асоссиз айбловлар эълон қилинган. Шунингдек, ИИВ ўз муносабатида бир неча ҳуқуқбузарликлар ҳақида мисоллар келтириб ўтган. 


“2020 йил 11 апрель куни Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида ташкил этилган постда хизмат олиб бораётган ИИО ходимлари томонидан тўхтатилган “Кобальт” русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси Х.Қ. ўзини тиббиёт ходими деб таништирган ва дори-дармон “доставка” қилиш билан шуғулланишини айтган. Бироқ Х.Қ. тиббиёт ходими эканлигини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжат тақдим эта олмаган. Бу ҳаракатлари билан Х.Қ. карантин талабларини қўпол равишда бузган.


Қолаверса, ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштираётган СЭН ходимига (аёл киши бўлган) ҳайдовчи Х.Қ. қатъий қаршилик кўрсатиб, ходимнинг қўлидан маъмурий баённомани тортиб олиб, жанжал кўтарган. Бунинг устига ИИО ходимининг хизмат кийимини йиртган.
Ушбу ҳолат бўйича, Самарқанд вилояти, Пастдарғом тумани суди томонидан ҳайдовчи Х.Қ.га нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.


2020 йил 5 апрель куни Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳрида хизмат олиб бораётган ИИО ходимлари томонидан тўхтатилган Nexia 3 русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси И.А. ўзини тиббиёт ходими, деб таништирган. Ҳайдовчи И.А. дан тиббиёт ходими эканлигини тасдиқловчи ҳужжат сўралганда, буни тасдиқловчи бирор бир ҳужжат тақдим эта олмаган. Бунинг устига ҳайдовчи И.А. карантин талабларини қўпол равишда бузиб, маълум миқдордаги пул эвазига 3 нафар фуқарони ноқонуний равишда ташиётганлиги аниқланган.


Ҳайдовчига карантин талаблари тушунтирилаётганда ИИО ва СЭН ходимларига ноўрин гаплар билан жавоб қайтарган. Ҳолат бўйича тегишли маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, автомобиль жарима майдончасига қўйилган”, дея ҳуқуқбузарликлар бўйича маълум қилмоқда ИИВ. 


Вазирлик ўз муносабатининг сўнгида Махсус комиссиянинг қарорлари талабларига зид бўлган бирор-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмагани, ички ишлар органи ходимлари синчковлик билан иш юритаётгани ҳақида айтиб, карантин шароитида ИИО ва СЭН ходимларининг хизмат фаолияти билан яқиндан танишиб, кейин хулоса чиқаришни тавсия этмоқда.

“Махсус комиссия қарорлари талабларини тўлиқ бажариш, санаб ўтилган юқоридаги каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир автотранспорт воситалари ИИО ходимлари томонидан синчковлик билан текширилмоқда.


Таъкидлаб ўтиш лозимки, Махсус комиссия томонидан қабул қилинган қарорлар ижросини тўлақонли бажариш мақсадида, Ички ишлар вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан доимий ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда.


Шунингдек, ИИО органлари ходимлари ўзларига юклатилган вазифаларни ҳар қандай об-ҳаво шароитида, туну-кун бажариб келишмоқда. Мақола муаллифига аввалом бор карантин шароитида ИИО ва СЭН ходимларининг хизмат фаолияти билан яқиндан танишиб, кейин хулоса чиқаришини тавсия этардик.


Бизнинг асосий мақсадимиз, тегишли Давлат идоралари билан ҳамкорликда Махсус комиссия қарорларини тўлиқ бажариш ҳамда коронавируснинг кенг тарқалишини олдини олишдан иборат эканлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз”, дея якунланган идора маълумотида.  


Мақола муаллифи

Теглар

ИИВ депутат карантин

Баҳолаганлар

310

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг