Шавкат Мирзиёев “Арқадағ” билан Сардоба ва коронавирус масаласини муҳокама қилди
Жамият
−
06 Май 2020
11673Бугун, 6 май куни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шерикликка асосланган кўп қиррали Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларининг жорий ҳолати ва уларни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинган.
Давлат раҳбарлари савдо, энергетика, транспорт ва транзит, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги амалий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани ва самарали идоралараро алоқалар йўлга қўйилганини мамнуният билан қайд этганлар.
Ҳамкорликка оид устувор лойиҳаларни, шу жумладан икки томонлама Ҳукуматлараро комиссия фаолияти доирасида илгари суриш мақсадида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаол давом эттиришга келишиб олинган.
Мулоқотда, шунингдек, Ўзбекистонда Сардоба сув омборидаги фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ масалаларга тўхталиб ўтилган.
Коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазият хусусида ҳам фикр алмашилган.
Ушбу хавфли касалликнинг олдини олиш, шунингдек, бугунги мураккаб даврда миллий иқтисодиёт ва аҳолини қўллаб-қувватлаш борасида Ўзбекистон ва Туркманистонда кўрилаётган чоралар тўлиқ қўллаб-қувватланган.
Президентлар тегишли вазирлик ва идораларга вирусга қарши самарали курашни ташкил этиш масалаларида ўзаро мувофиқлашув ва ҳамкорликни кучайтириш бўйича топшириқ бердилар.
Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликка оид қатор долзарб масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.
Суҳбат ҳар доимгидек самимий, очиқ ва дўстона руҳда ўтди.