Тўй ўтказиш тартибини бузганлар 11 миллион сўмгача жаримага тортилади

Олам

image

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибига қўйиладиган талабларга риоя этмаслик учун жавобгарлик белгиланди.

Бугун, 25 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партияларнинг фракциялари йиғилишларида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибига риоя этмаслик учун жавобгарлик белгилаш ҳақидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. 

Депутат Расул Кушербоевнинг расмий Telegram каналида маълум қилинишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 192-1 янги модда сифатида таклиф этилаётган лойиҳада тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибига риоя этмаган тадбирларни ўтказувчи шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари (2 230 000 сўм) миқдорида, тўйхона кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахслари эса базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари (6 690 000 сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши кўзда тутилмоқда. 

Таъкидланишича, тўйхона, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахслари томонидан ушбу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилгандан сўнг бир йил давомида бузилса базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари (11 150 000 сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. 

Ушбу ҳуқуқбузарлик бўйича жавобгарлик масаласини маъмурий ишлар бўйича судлар кўриб чиқади. 

“Сиёсий партиялар фракциялари томонидан биринчи ўқиш учун маъқулланган ушбу қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилади”, деб маълум қилган депутат.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

231

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг