Муҳаббат Иброҳимова: “Битта дори яратиш учун 15 йил вақт кетади”

Жамият

image

Бугун, 24 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш режалари, ҳудудий шифохоналар муаммолари, бепул буюртмалар олиш тартиби” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида журналистлар Ўзбекистондаги дорихоналаридаги дориларнинг сифати, хосса ва хусусиятлари ҳақида савол берди.

“Битта дорини яратиш учун камида 15 йил ёки ундан кўп вақт кетади. Бу нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда кузатиладиган реал амалиёт. Дори ишлаб чиқарилгандан кейин унинг номи оригинал бўлади. Оригинал дори воситаси патентига эга бўлган фирма уни 25 йил давомида фақат ўзи ишлаб чиқаради, ўзи нарх белгилайди. 

Ўша дорини шу ном билан, шу технология асосида ишлаб чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Хорижий мамлакатларда битта дорини синтездан то бренд ҳолатига олиб келиш учун камида 1 млрд АҚШ доллари сарф бўлади. 10 мингта молекуладан фақат биттаси таъсир нуқтасигача етиб боради, айнан шу молекула дори сифатида танлаб олинади. 

Уни яратиш учун кетган харажатларни қоплашга сарфланадиган маблағ натижасида оригинал дорининг нархи қиммат бўлиши мумкин”, деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи Муҳаббат Иброҳимова.

Фармацевтика агентлиги вакили оригинал дорилардан ташқари яна қандай дори турлари бўлишига изоҳ берди.

“Орадан 25 йил ўтиб, оригинал дориларнинг патент муддати тугагандан кейин бошқа фирмалар ҳам худди шу дорини худди шу ном билан, шу таркиб ва шу технология асосида ишлаб чиқариш ҳуқуқига эга бўлади. Бу дори генерик деб аталади, яъни у қайта ишлаб чиқарилган. 

Ўзбекистон бозорида айланаётган дори воситаларининг 90 фоизи генерик дорилардир. Чунки уларнинг нархи пастроқ. Оригинал дори воситалари қимматроқ бўлиши ва бунинг сабаби ҳақида юқорида айтиб ўтдим, дея қўшимча қилди Муҳаббат Иброҳимова.

Журналистлар нега айрим дорилар қимматлиги ва битта дори ҳар хил жойда турли нархда сотилишини тушунтириб беришни илтимос қилди.

“Дорининг арзон ёки қиммат бўлиши абстракт тушунча. Чунки дори воситалари ҳар хил технологиялар, ҳар хил хомашё, ҳар хил формула асосида ишлаб чиқарилади ва улар ҳар хил таркибга эга бўлади. Лекин, дейлик, муайян бир дори таркиби, молекуласи бир хил бўлса, нархи бир хил бўлиши мумкинми? Йўқ, бу имконсиз. 

Бунинг сабаблари ҳақида тўхталиб ўтаман. Ўзбекистонга кирадиган барча дори воситалари учун устама нарх бир хил — 15 фоиз қилиб белгиланган. 

Яъни, дорининг таннархи устига шунча фоиз ставкасида нарх қўйиш мумкин. Масалан, диклофенак мисолида тушунтирсам. Диклофенак дори воситаси бизда 35 та фирмада қайд этилган. Мамлакатда диклофенакнинг Германия, Эрон, Афғонистон, Хитой, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилганлари бор. 

Уларнинг ҳаммасининг таннархи ҳар хил. Шу туфайли ва уларнинг мамлакатимиз ҳудудига кираётганда устига 15 фоизгача нарх қўйилиши таъсирида ҳам нархлар турлича бўлиши мумкин, — деди Муҳаббат Иброҳимова.

Мутахассис кўтарилган муаммонинг сабабларини юзасидан батафсил шарҳ берди.

“Иккинчи сабаб — дори воситалари бизда бизнесга кирди. Шундан келиб чиқиб, дориларнинг миқдорига қараб маркетинг асосида нарх белгилашади. Улгуржи фирма катта миқдорда дори олиб келса, арзонга тушади. Учинчи сабаб — дориларни транспорт воситари орқали ташиб келтириш харажатлари. 

Маълумки, улар ҳар хил йўллар орқали олиб келинади. Тўртинчи сабаб — бизда дорихоналарда 20 фоизгача устама нарх қўйиш белгиланган. 

Кимдир катта тармоқли дорихонани юритаётгани учун фақат 10 фоиз қўйиши мумкин, кимдир 20 фоиз қўйиши мумкин. Яна бошқа сабаби — ушбу меъёрий ставкага қарамай, баъзи дорихоналар 20 фоиздан ҳам ошиқ нарх қўяди. Минг афсуски, ҳозирда бундай ҳолатлар бизда кузатилмоқда. Мана шу омиллар таъсирида Ўзбекистонда дорилар нархи фарқланиши мумкин”, дея сўзини якунлади Муҳаббат Иброҳимова.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Муҳаббат Иброҳимова дори яратиш

Баҳолаганлар

13

Рейтинг

2.7

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар