Сооронбай Жээнбеков мамлакатдаги тартибсизликлар юзасидан баёнот берди (видео)

Олам

Бишкекда парламент биноси эгалланди. Жээнбеков намойишчиларга ён бериши мумкин north_east

Бишкекда парламент биноси эгалланди. Жээнбеков намойишчиларга ён бериши мумкин

Бугун, 6 октябрь куни Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков мамлакатда содир бўлган тартибсизликлар ҳақида видеобаёнот берди.

“Азиз ватандошлар!

Кеча баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринишди.

Сайлов натижаларини баҳона қилиб, улар жамоат тартибини буздилар. Улар шаҳар аҳолисининг тинч ҳаётига раҳна солишди.

Улар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига бўйсунмадилар, шифокорларни калтакладилар ва биноларга зарар етказдилар.

Мен ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига битта фуқаронинг ҳаётига хавф туғдирмаслик учун ўт очмаслик ёки қон тўкмаслик ҳақида буйруқ бердим.

Ҳозирча вазиятнинг кескинлашувига йўл қўймаслик учун барча чораларни кўрдик.

Давлатдаги тинчлик, жамият барқарорлиги ҳар қандай депутатлик мандатидан ҳам қадрлидир.

Мен Марказий сайлов комиссиясига қонун бузилишларини синчковлик билан текширишни ва агар керак бўлса, сайлов натижаларини бекор қилишни таклиф қилдим.

Сиёсий партиялар раҳбарларини ўз тарафдорларини тинчлантиришга ва уларни ўзларини жамланган жойларидан узоқлаштиришга чақираман. Мен барча юртдошларимни тинчликни сақлашга ва провокацион кучларнинг чақириқларига берилмасликка чақираман. Мамлакатимиз тинчлиги ва жамиятимиз хавфсизлиги энг муҳим нарсадир. Мен барча кучларни мамлакат тақдирини сиёсий амбициялардан устун қўйишга ва ҳуқуқий майдонга қайтишга чақираман”, деган Жээнбеков.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Унда рўйхатдан ўтган 3,5 миллион сайловчининг 1,98 миллиони ёки 56,2 фоизи қатнашган. 

Дастлабки маълумотларга кўра, тўртта сиёсий партия 7 фоизлик барьердан ўтиб, мамлакатнинг энг юқори қонун чиқарувчи органининг янги таркибига кириши мумкин. Булар “Бирлик” (24 фоиз), “Маконим Қирғизистон” (24 фоиз), “Қирғизистон” (8 фоиз) ва “Бутун Қирғизистон” (7 фоиз) партиялари.

Овоз беришнинг расмий натижалари бюллетенларни қўлда санаб чиқилиб, якуний баённомалар МСКга топширилгандан кейин 20 кун ичида эълон қилинади.

Аммо сайлов натижасидан норози партиялар тарафдорлари намойиш уюштирди. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди. Улар мамлакат парламенти биносига бостириб киришди.

Бундан ташқари, қамоқдаги собиқ Президент Алмазбек Атамбоев ва Бош вазир Сапар Исаковни озод қилишди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Сооронбай Жээнбеков Қирғизистондаги вазият

Баҳолаганлар

132

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг