Бош прокурор таълим соҳасида талон-торож қилинган пуллар ҳақида гапирди
Жамият
−
18 Январь 2020
10180Бюджет маблағларини талон-торож қилиш, соҳадаги суст ижро интизоми, асосий коррупциявий омиллар ҳақида Бош прокурор Ниғматулла Йўлдошев сўз юритди.
Бу ҳақда у 18 январь куни Бош прокуратурада ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишида айтиб ўтган. Унда олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашиш аҳволи ва қонунийликни таъминлашга доир масалалар муҳокама қилингани ҳақида хабар берган эдик.
Олий таълим муассасалари илмий - тадқиқот фаолиятидаги камчилик ва нуқсонлар ҳам йиғилиш аъзолари томонидан муҳокама этилди. Илмий даража бериш тартиб - таомилларидаги мураккабликлар, ўринсиз талаб ва коррупциявий омиллар таълим сифатига таъсир кўрсатаётганлиги алоҳида таъкидланди.
“Бюджет маблағларини сарфлаш жараёнидаги талон-торожликлар соҳадаги асосий коррупциявий омиллардан бири бўлиб қолмоқда. Маълумотларга кўра, ўтган йилда Давлат молиявий назорати департаменти томонидан текширилган 1.107 та вазирлик муассасасининг 1.035 таси ёки 93 фоизида 16,7 млрд. сўмлик молиявий қонунбузарликларга йўл қўйган”, дейилади хабарда.
Ниғматулла Йўлдошевнинг таъкидлашича, ижро интизоми, юридик хизмат фаолияти етарли йўлга қўйилмагани олий таълим соҳасида йўл қўйилган коррупция ҳолатларининг асосий сабабларидан бири бўлмоқда.
Бош прокурор олий таълим масаласига эътиборсиз қаралган вазиятларда юзага келадиган мудҳиш оқибатлар ҳақида сўз юритиб, Жанубий Африка Республикаси Стелленбосс университети пештоқига ёзиб қўйилган қуйидаги иборани иқтибос сифатида келтирди.
“Ҳар қандай миллатни йўқ қилиш учун атом бомбаси ёки узоқ масофали ракета шарт эмас. Бунинг учун таълим сифатини тушириб, имтиҳонларга алдов аралаштиришнинг ўзи кифоядир.
Бу тарзда таълим олган шифокорлар қўлидан беморлар ўлим топади, қурувчилар қурган уй ва бинолар вайрон бўлади, иқтисодчи ва ҳисобчилар қўлида молиявий ресурслар совурилади, адолат ҳам шундай ҳуқуқшунос ва судьялар қўлида завол топади.
Таълимнинг инқирози – бу миллат инқирозидир” дея таъкидлаган Бош прокурор.
Хабарингиз бор, Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши олдингисидан фарқли равишда электрон оммавий ахборотларнинг иштирокисиз ўтказилди. Сабаб эса ҳозирча номаълум.
LiveБарчаси