Видео: ИИВ тўйлар масаласида фуқароларни жиддий огоҳлантирди
Жамият
−
28 Март 2020
12212Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг республика бўйлаб тарқалиб кетишининг олдини олиш учун жорий йилнинг 23 мартидан барча тўй ва оилавий маросимлар ўтказиш тўхтатиб қўйилди. Аммо шунга қарамай, баъзи фуқаролар тўй ёки 100-150 кишилик йиғинлар ўтказяпти. Шу сабабдан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги фуқароларни тўйлар ўтказмаслик бўйича яна бир бор жиддий огоҳлантирди.
“Хурматли фуқаролар! Айни кунларда юртимизда коронавирусни кенг тарқалишини олдини олиш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, юридик ва жисмоний шахсларнинг карантин қоидаларини бузганлик учун жазо чоралари кучайтирилган.
Афсуски, айрим шахслар томонидан тўй ва бошқа йиғинларни ўтказиш ҳолатлари кузатилмоқда. Юртдошлармиздан ҳар қандай йиғинларни, тўй ва бошқа маросимлари ўтказмасликларини талаб қиламиз.
Сиз ўтказмоқчи бўлган бу каби тадбирлар оқибатида минглаб одамларга вируснинг юқиш хавфи мавжуд. Тўй қиламан деб ўзингизни, яқинларингизни ва бошқаларни саломатлигини хавф остига қўйманг.
Огоҳлантирамиз, ҳар қандай турдаги йиғин ўтказиш ёки унда қатнашиш карантин қоидаларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Агар, ички ишлар органлари томонидан чекловларга риоя қилмасдан тўй ёки бошқа йиғин ўтказаётган шахс аниқланса, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилади”, дейилади ИИВ мурожаатида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти ҳам коронавирусга қарши курашга бағишланган йиғилишда Умрадан қайтган фарғоналик аёл уйида 120 кишилик зиёфат берганини танқид қилганди.