ЎФА нега ПФЛни қўғирчоққа айлантирмоқда?

Спорт

image

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси янги мавсум учун ўз режаларини тузиб бўлган, ва чемпионат бошланишига саноқли кунлар, энг ёмони қуръа ташланишига саноқли дақиқалар қолган бир пайтда, Ўзбекистон Футбол Ассоцацияси катта саҳнага чиқишни хоҳлаб қолди.

ПФЛдагиларнинг айтишига қараганда, уларнинг режасига кўра бу мавсум ҳам Суперлигада 12та клуб иштирок этиши керак эди. Шунга монанд тарзда тайёргарлик ҳам кўриб қўйилганди. Аммо бизнинг буйруқбоз ЎФА ҳокимларнинг шахсан илтимосини ерда қолдиришга кўнгли бўлмай, ҳатто ўтган йили про-лигада ҳам бирор каромат кўрсата олмаган “Сурхон” ва “Динамо” клубларини Суперлигага “тиқиштириб” кетди. 

Хўш бундан ким қанчалик манфаат топади? Агар сиз Самарқанд ва Сурхандарёга катта футбол қайтади ва футболга бўлган қизиқиш янада кучаяди деб ўйласангиз, катта хато қиласиз. Негаки, бу жамоалар икки ҳафта қолганда Суперлигада ўйнашини билиб, шунга мос равишда қисқа муддатда тайёргарлик кўра олишмайди. Алал-оқибат, бу икки жамоа шунчаки ўйинларни ўтказиб қўйиш учун судралиб юраверадилар. Буни кўриб мухлисларнинг футболга қизиқиши ортмайди, аксинча, баттар совиб бораверади

ЎФА нега шу сабаблар ҳақида ўйлашни хоҳламаяпти?! Қолаверса, илтимослар туфайли Суперлигага жамоалар олиб чиқиб қўйилаверса, мусобақада рақобат қоладими?! Хўш, “Бухоро” ёки “Қизилқум”дагилар ҳам шунчаки футбол ўйнашни йиғиштириб қўйиб, илтимоснома ёзишга ўтиб кетишмайдими?!

ЎФА муаммоларни ҳал этиш ўрнига уларни сотиб олишни бошлаб юборди. Қўшимчасига, Ассоцация ўзбек футболини ўз билганича бошқармоқчи экан, бизга ПФЛнинг нима кераги бор? 

Англияда Футбол Ассоцацияси Англия премьер лигаси ишига аралашмайди. Қолган жойларда ҳам худди шундай. Бизда эса хоҳлаган одам ПФЛга “бурун суқиши” мумкин. Биласизми, бир одамни туртиб ўтсанг, агар у бунга ҳеч қандай реаксия билдирмаса, кейинги кўрганингда уни тепиб ўтгинг келади. Мана шунақа гаплар...
 


Мақола муаллифи

Теглар

ЎФА ПФЛ

Баҳолаганлар

94

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг