Давлетов ҳокимиятларга бериб юборилган “ортиқча” ваколатлар қисқартилишини айтди

Жамият

image

Журналист ва блогерлар билан учрашган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов ҳокимиятларга берилган ортиқча ваколатлар ҳақида ўз фикрларини билдирди. Ер ажратиш, баъзи лицензияларни бериш, турар жойдан нотурарга ўтказиш масалалари ҳокимиятлардан олингани ҳақида таъкидлади.   

“Бюрократик тўсиқларга қарши Президент қарори қабул қилинди. Бу қарор лойиҳасидаги ишимиз жуда ҳам “қаттиқ кетди”. Ҳокимиятнинг функцияларида ерларни мақбуллаштириш каби ишларда фикрлар берган эдик. Жуда кўп нарсалар шу қарорларда амалга ошди. Бугунги кунда ер ажратиш тизими 100 фоиз аукционга ўтди. Аукцион баённомаси ерни беришга асос бўлиб хизмат қилди. Юқоридаги қарорда ҳокимиятларнинг 11та функцияси бошқа ташкилотларга берилди. Ўйлаб кўринг, ҳокимиятлар таълимда тил ўргатиш курсларига лицензия бериб келган. Бу ваколат улардан олиб қўйилиб, вазирлик ташкилотларининг ҳудудий бўлимларига берилди”, дея таъкидлади Адлия вазири.

Шунингдек, Русланбек Давлетов ўз нутқида яна баъзи бир масалаларда ҳам ҳокимиятларга ортиқча ваколатлар бериб юборилгани ҳақида танқидий фикрлар айтди. Амалдорнинг айтишича, бу масалада Сенат билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

“Риэлторлик бўйича ҳам, алкоголь маҳсулотларини сотишга ҳам ҳокимиятдан лицензия учун рухсат олиш керак бўлган. Ваҳоланки, уларда бу масалага жавобгар тузилма йўқ. Ёки турар жойни нотурар жойга ўтказишда ҳокимиятда бошқарадиган қандайдир тузилманинг ўзи йўқ. Президентимиз ҳам айтдики, ҳокимиятларда 300та функция бор. Маъмурий ислоҳотлар натижасида, мурожаатномадаги топшириққа биноан Адлия вазирилиги Сенат билан бирга ҳокимиятларни замонавий, ихчам органга айлантириш бўйича ишларни амалга оширишимиз керак”, дейди Русланбек Давлетов. 

Айнан шу масала юзасидан Президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатида алоҳида тўхталиб ўтган эди. “Амалдаги қонун ҳужжатларида ҳокимликларнинг 300 га яқин вазифа ва функциялари назарда тутилган. Шундан 175 таси мазмун-моҳиятига кўра ҳокимларнинг асосий вазифалари тоифасига кирмайди ва турли идораларнинг функцияларини такрорлайди. Бу эса иш сифати ва ижро интизомига салбий таъсир кўрсатиши табиий”, деган эди давлат раҳбари.

Шунингдек, Президент ушбу масалада парламент ҳокимлар ваколатларини қайта кўриб чиқиш масалаларига эътиборни кучайтириши, масалаларнинг барчасини Сенат Адлия вазирлиги билан бирга ўрганиши лозим экани ҳақида сўз юритган эди. https://qalampir.uz/news/parlament-%D2%B3okimlar-vakolatlarini-k-ayta-kurib-chik-ish-masalalariga-e-tiborni-kuchaytiradi-norboyeva-13368


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

63

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг