Эрдўғаннинг ишонган одами Озарбайжонда ЙТҲга учради

Олам

image

Туркиянинг иқтидордаги “Адолат ва тараққиёт” партияси раиси ўринбосари – Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим кеча, 20 октябрь куни Зангилон халқаро аэропортининг очилиш маросимида иштирок этиш учун Президент Ражаб Тойиб Эрдўған билан Озарбайжонга борди. Қорабоғда бўлган Бинали Йилдирим шу ерда йўл-транспорт ҳодисасига учради. 

Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Кожанинг маълум қилишича, Бинали Йилдирим, унинг қўриқчиси ва депутат Шамил Айрим ўтирган автомобиль йўл-транспорт ҳодисасига учраган. Айни вақтда уч кишининг ҳам соғлиғи яхши, хавотирга ўрин йўқ. 

Президент маъмуриятининг Алоқа бошқармаси томонидан берилган баёнотда айтилишича, давлат раҳбарига Озарбайжонга ташрифи чоғида ҳамроҳлик қилган Йилдирим ва Айримнинг машинаси Зангилон аэропорти йўлида ҳалокатга учраган. 

Баёнотда соғлиғи яхши бўлган Йилдирим ва Айрим шифокорлар томонидан назоратга олиш мақсадида тиббий гуруҳлар ҳамроҳлигида вертолётда Бакудаги шифохонага олиб борилгани, ҳайдовчининг соғлиғи ҳам яхши экани қайд этилган. 

Йилдирим воқеадан сўнг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали баёнот бериб, “Озарбайжонга сафаримиз чоғида йўл-транспорт ҳодисасига дуч келдик. Худога шукур, аҳволимиз яхши. Биз эҳтиёт чораси сифатида шифохонада назорат остидамиз. Дуо қилиб, яхши тилакларини йўллаган барчага раҳмат айтаман”, деди.

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев йўл-транспорт ҳодисасида жароҳатланган Бинали Йилдирим, унинг қўриқчиси ва депутат Шамил Айримдан хабар олиш мақсадида Бакудаги шифохонага борди. Президент уларга саломатлик тилаган. 

Қайд этилишича, жароҳатланган уч кишига Бакудаги шифокорлар бугун, 21 октябрь куни рухсат берган ва улар тез ёрдам самолёти билан Туркиянинг Истанбул шаҳрига олиб келинган.  

Маълумот учун, Бинали Йилдирим Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг энг яқин сафдошларидан биридир. У 2016 йилнинг майидан 2018 йилнинг июлигача Туркия Бош вазири лавозимида фаолият юритган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Бинали Йилдирим

Баҳолаганлар

232

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made