2023 йилдан бошлаб электр энергияси учун тарифлар камида 3 йил муддатга амал қилади
Жамият
−
03 Июнь 2019
5573Жорий йилнинг 31 май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика ресурсларини айрим турлари учун тариф сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" каналида маълум қилинди.
Қарор билан қуйидагилар белгиланди:
• 2019 йил 1 июндан фаолиятини бюджет ҳисобидан олиб бормайдиган ва тежамкор бўлмаган қозон агрегатларни алмаштирмаган ташкилотларга табиий газ учун ҳақ тўлаш бўйича амалдаги тарифларга нисбатан оширилган коэффициент 2,0 дан 1,2 гача камайтирилади;
• қуввати 750 кВА ва ундан юқори бўлган сув таъминоти ташкилотларига электр учун табақалаштирилган ҳисоб-китоблар татбиқ этилмайди;
• умумий уй-жой эҳтиёжларига фойдаланиладиган электр учун ҳақ маиший истеъмолчиларга белгиланган тарифлар бўйича тўланади;
• идоравий ва муниципал уй-жой фонди, ётоқхоналар ва оилавий корхоналар, электр энергиясидан аҳоли эҳтиёжлари учун фойдаланадиган локал қозонларга маиший истеъмолчиларга белгиланган электр энергияси тарифи қўлланилади;
• мазкур қарор кучга киргунича электр энергияси ва табиий газ учун аванс тўланган бўлса, истеъмолчилар (аҳолидан ташқари) тариф ўзгарганда тўлов қилинган кундан кейинги 2 ойдан кўп бўлмаган муддатга қўшимча тўловлардан озод этилади (илгари бу муддат 1 ой эди).
Ҳукуматнинг 2018 йил 1 ноябрдаги қарорида белгиланган табиий газ, суюлтирилган газ ва электр энергияси учун нархларнинг 2019 йил 1 июндан ошиши бекор қилинди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилдан бошлаб электр энергияси учун тарифлар камида 3 йил муддатга амал қилади.
LiveБарчаси