Россия-Қозоғистон чегарасидаги 2,1 минг ўзбекистонлик Ватанга қайтариляпти

Жамият

image

Бугун, 16 июль куни, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия – Қозоғистон давлат чегарасидан ўтказиш масаласи бўйича Россия томони билан келишувга биноан, Ўзбекистоннинг учта йўловчи поезди Тошкент томон йўл олмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ хабар берди.

1404 йўловчи бўлган иккита поезд Кинел, яна бир поезд эса 702 йўловчи билан Бузулуқ станцияларидан ҳаракатланган. Чипталар фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун сотилган. Бузулук – Тошкент йўналишидаги чипталар нархи 1 200 000 сўм (8500 рубль), Кинел – Тошкент – 1 450 000 сўм (10 100 рубль).

Қайд этилишича, йўл давомида йўловчи поездлар фақат техник кўрик учун тўхтатилади, яъни станция-вокзалларда йўловчилар платформага тушишига рухсат этилмайди.

Поездлар Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари кузатуви остида олиб келинади.

“Диққат! Мазкур поездларда келаётган йўловчиларнинг қариндош ва яқинлари уларни кутиб оламан деб сарсон бўлмасин! Чунки ушбу рейсларнинг барча йўловчилари поездлардан тушишлари биланоқ Наманган ва Тошкент вилоятларининг карантин зоналарига юборилади”, дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, кўрилаётган карантин чоралари сабабли, МДҲнинг қатор давлатларида мамлакатга кириш-чиқишга чекловлар Ўзбекистонда ҳам жорий этилган ва улар Ўзбекистон Республикаси махсус комиссиясининг тегишли қарори билан бекор қилинмагунича амалдаги кучга эга.

Аввалроқ, Давлат раҳбари Россия-Қозоғистон чегарасида қолиб кетаётган фуқаролар поездларда қайтарилишини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ўзбекистонлик чегара

Баҳолаганлар

174

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг