Озода Нурсаидова “отарчи” ҳам одамми деганларга жавоб қайтарди

Маданият-санъат

image

Маълумки, охирги 3-4 кун ичида санъаткорларнинг хайрия қилиши масаласи ижтимоий тармоқларда долзарб мавзу бўлиб турибди. Аввалига журналист Шерзод Қудратхўжаев эфир орқали таъна ва дашномга тўла мактубни ўқиб эшиттирди. Унда санъаткорларга отарчи тамғаси ёпиштирилиб, улар хайрия қилмаётганликда айбланганди. 

Бутун дунё, жумладан Ўзбекистон халқи бошига келган оғир кунларда савиясизларча майда нарсалар билан ўралашиш, бировнинг чўнтагига мўралашни кўпчилик ёқламади. Бу орада “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси санъаткорлар 352 миллион сўмлик хайрияни амалга оширганини айтиб чиқди. Ўтган вақт оралиғида эса бу хайриялар 1 миллиард 70 миллион сўмдан ошди.

Хонанда Озода Нурсаидова ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали санъаткорларга нисбатан “отарчи” тамғасини босаётганларга қуйидагича муносабат билдирди: 

“Отарчи” ҳам одамми деганларга: Санъаткорни отарчидан олиб, отарчига солиб, ижтимоий тармоқларда ҳақоратлаб, ўзига ҳайп қилаётган, русча қилиб айтганда, “диванный комментатор”! Сиз аввал ўзингизга савол беринг: мен мен ўзим шу юрт ёки маҳаллам учун нима қилдим деб. Ҳар ким бошқадан айб қидирмай, ўзи учун жавоб берса, ўшанда тўғри ва адолатли бўлади”, деб ёзади Озода Нурсаидова. 

Хонанданинг қайд этишича, санъаткорлар хайрия масаласида икки хил фикр ўртасида сарсон. Хайрия қилинаётгани кўрсатилса, мақтанчоқлик дейилади, кўрсатилмаса, нега хайрия қилмадинг деб изза қилинади.

“Қилсанг, мақтанма деб гапиришади. Кўрсатмай қилсанг, қилмадинг деб изза қилишади. Бу нимаси? Биз нега бунчалик майдалашиб кетдик? Энг қизиғи, бундай гаплар аксарият эркакларимиздан чиқяпти. Санъаткорнинг топганини санайсизу нега машаққати билан қизиқмайсиз, уни харажатини ҳисобга олмайсиз. У ҳам сизга ўхшаган одам. Унинг ҳам ўзига яраша муаммо ва ташвишлари бор. Ҳозирги оғир вазиятда ҳамма соҳа вакиллари, тўғрироғи шу юртнинг ҳар бир фарзанди жипслашиб, бирдам бўлиши керак пайтда керакми бундай ҳақоратли постлар, изоҳлар? Қачонгача бир-биримиздан айб қидириб, бир-биримизнинг оёғимиздан тортамиз”, дейди хонанда Озода Нурсаидова. 

Эслатиб ўтамиз, санъаткорларнинг “отарчи” дейилишига Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам муносабат билдирган эди. 

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 8 апрель куни Озода Нурсаидованинг 13 йиллик “запрет”дан кейинги илк яккахон концерт дастури старт олиши керак эди. Коронавирус пандемияси сабаб бошқалар қатори Озода Нурсаидованинг ҳам концерти бекор қилинди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Озода Нурсаидова

Баҳолаганлар

1078

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг