COVID-19 ва дунё. Сўнгги 24 соат ичида коронавирус билан боғлиқ қандай янгиликлар бўлди?

Бу қизиқ

image

Дунё бўйича коронавирусга чалинганлар сони 937 000 дан ошди. 194 000 дан зиёд киши шифо топган бўлса, 47 000 дан зиёд бемор оламдан ўтди.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони яна 8 нафарга ошди. Республикада 2 апрель ҳолатига кўра, 181 нафар инфекция юқтириб олган бемор бор. Ўлим ҳолати 2 тани ташкил қилмоқда.

Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 16 нафарга кўпайиб, умумий ҳисобда 402 нафарни ташкил қилмоқда. Мамлакатда коронавирус сабаб вафот этганларнинг сони 3 нафарни ташкил этмоқда.

АҚШда сўнгги 24 соат ичида коронавирусга чалинганлар сони 5 100 нафардан ошди. Мамлакатда инфекция юқтирганларнинг умумий ҳисоби 215 мингдан юқорилади. 5116 киши эса касалликдан вафот этди. Ўлим ҳолати энг кўп Нью-Йорк шаҳрида қайд этилган – 1374.

Грузия Бош вазири Георгий Гахария коронавирусга қарши курашни “кўринмас душман билан жанг”, деб атади. У мамлакат вируснинг кенг тарқалиш босқичидан ўтаётганини таъкидлади. Грузия 21 апрелга қадар фавқулодда ҳолат эълон қилган. Жамоат транспортлари ҳаракатлари тўхтатилган, 70 ёшдан ошганларга кўчага чиқиш тақиқланган. Соат 21:00 дан 6:00 гача комендантлик соати ўрнатилган.

Исроил соғлиқни сақлаш вазири Яаков Лицман коронавирусга чалинди. Бу ҳақда мамлакатда нашр этиладиган “Jerusalem Times” газетаси ёзмоқда. Бундан ташқари, вазирнинг рафиқаси ҳам инфекция юқтириб олган. Айни пайтда Исроилда 6092 киши вирусга чалинган. 25 киши ундан вафот этган.

Перунинг коррупцияда айбланиб, ҳибсда ушлаб турилган собиқ бош вазири Сесара Вильянуэва коронавирус хавфи сабаб 18 ойлик уй қамоғига олинди. Ҳукуматнинг собиқ раҳбари Бразилиянинг Odebrecht қурилиш компаниясидан йирик миқдорда пора олганликда айбланган эди. 

Британиялик 55 ёшли фуқаро полиция ходимига коронавирус юқтириш билан таҳдид қилди. Ва қасддан унинг олдига бориб, бир неча маротаба юталди. Унинг бу қилмишидан сўнг, суд полициячига ҳужум қилиш айби билан фуқарони олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Жаҳоннинг бошқа мамлакатларида қуйидаги ҳолат кузатилмоқда: Жанубий Кореяда сўнгги 24 соат ичида 89 киши вирусга чалинди ва 261 киши ундан шифо топди. Бирлашган Араб Амирликларида эса бир кунда 150 та ҳолат қайд этилди. Мамлакатда умумий ҳисобда вирус юқтириб олган 814 бемор рўйхатдан ўтган. Ироқда ҳам коронавирусга чалинган сони ошиб, 728 нафарни ташкил этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

дайжест

Баҳолаганлар

486

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг