Коронавирус қурбонлари сони 3 мингдан ошди. Хитойдан ташқарида вазият оғирлашяпти
Олам
−
02 Март 2020
10355Бугун, 2 март ҳолатига дунё бўйлаб COVID-19 коронавируси билан касалланганлар сони 89 068 нафарга етди. Бир кун ичида коронавирусга чалинганлар сони 2455 нафарга кўпайди.
Коронавирусга чалинган 89 минг кишидан 45 120 нафари даволаниб, уйига жавоб берилди. Беморларнинг 18 фоизи ёки 7356 нафари ҳамон оғир аҳволда қоляпти.
COVID-19 қурбонлари сони бир кунда 69 нафарга кўпайиб, 3046 нафарга етди. Вирус Хитойдан ташқарида тезроқ тарқаляпти. Жанубий Корея вируснинг иккинчи ўчоғига айланди. Бу ерда вирус юқтирганлар 4 минг нафардан ошди. Эрон эса қурбонлар сони бўйича иккинчи ўринга чиқиб қолди. Расмий маълумотларга кўра, Эронда 54 киши коронавирусдан ҳалок бўлди.
Хитойдан ташқарида вирусга чалинганлар сони 9042 нафарга етди.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 66 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, АҚШ, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания, Бельгия, Ливан, Миср, Эрон, Исроил, Ироқ, Баҳрайн, Афғонистон, Қувайт, Уммон, Бразилия, Хорватия, Швейцария, Австрия, Жазоир, Грузия, Греция, Швейцария, Шимолий Македония, Норвегия, Ирландия, Эстония, Доминикан Республикаси, Беларусь, Нигерия, Янги Зеландия, Монако, Люксембург, Литва, Қатар, Исландия, Чехия, Озарбайжон, Дания, Мексика, Эквадор, Сан Марино, Нидерландия, ва Руминияда аниқланди.
ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади. ЖССТ янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди.