Аҳмадбойга суднинг сўнгги ҳукми ўқилди (видео)

Жамият

Бугун, 12 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман судида судланувчи Аҳмаджон Турсунбоев ва бошқаларга нисбатан очилган жиноят иши юзасидан сўнгги суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда QALAMPIR.UZ мухбири Баҳодир Аҳмедов иштирок этди. Суд мажлисида Аҳмадбой ва унинг шерикларига нисбатан сўнгги ҳукм эълон қилинди. 

Бир неча ой давом этган судда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” ва “в” бандлари билан айб эълон қилиниб, судга берилган Аҳмаджон Турсунбоев ва бошқаларга оид жиноят иши кўриб чиқилди. 

Суд иш бўйича тарафларнинг, судланувчи ва жабрланувчиларнинг кўрсатмаларини, музокара сўзларини ва судланувчиларнинг охирги сўзларини тинглаб, қуйидагича ҳукм ўқилди. 

Аҳмаджон Турсунбоев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” ва “в” бандлари билан айбли деб топилиб, унга ушбу модда билан 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Унга Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддлари тартибида жазога қисман Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2019 йил 28 октябрдаги ҳукми билан тайинланган жазосини қўшиб, узил-кесил ўташ учун 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда  14 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. 

Аҳмаджон Турсунбоевга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган муддати Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарорининг 6-банди, “б” кичик бандига асосан тўртдан бир қисмига қисқартирилди. Жазони умумий тартибдаги колонияларда ўташ белгиланди. 

Жазони ўташ муддати 2016 йил 16 июндан бошлаб ҳисобланади. 

Унга нисбатан қўлланилган қамоққа олиш эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Аҳмадбой

Баҳолаганлар

621

Рейтинг

3.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг