Комил Алламжонов бизнесига қарши суриштирувга муносабат билдирди

Жамият

image

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комилжон Алламжонов Ирландиянинг Олстерс университети ва Инсон ҳуқуқлари бўйича ўзбек форумининг лойиҳаси бўлган UzInvestigations томонидан олиб борилган суриштирувга муносабат билдирди

Профессор Кристиан Ласслетт муаллифлигидаги мақолада Комил Алламжонвонинг бизнес-империяси давлат берган имтиёзлар эвазига гуллаб-яшнагани ҳақида фикр борган. Шунингдек, унинг компаниялари ноқонуний фаолият юртиши ва лойиҳаларни тендерларсиз қўлга киритгани танқид қилинган.

Алламжоновнинг ўзи бунга муносабат билдириб, Кристиан Ласслетт ўз суриштирувида ҳеч бир янгилик кўрсатмаганини таъкидлайди.

“Жаноб Кристиан Ласслетт ўз материалида бирон бир янги нарса гапиргани йўқ. Бу маълумотларнинг барчаси интернетда бор. Энг асосийси - менинг фаолиятимда Ўзбекистон Республикаси қонунлари бузилганми? Йўқ, Ўзбекистон Республикаси қонунлари бузилмаган!”, дейди фонд раиси.

У профессор томонидан эълон қилинган суратга ҳам тўхталиб ўтиб, бу буюртмачининг талаби билан шу ҳолатга келтирилганини ва аслида қандай бўлиши кераклигини кўрсатган.

“Кристиан Ласслетт ваҳима билан чоп этган фотонинг асл кўриниши қуйидагича. Ҳаммаси мижознинг буюртмасига боғлиқ. Агар мақсад суратни хира кўрсатиш бўлса, дизайнер буни жуда осонликча эплайди. Агар хақиқатни кўрсатиш бўлса уни монтаж қилиш шарт эмас. Ҳаммаси мақсадга боғлиқ!”, дейди Алламжонов.

Суриштирувда айтилишича, солиқ инспекторлари тадбиркорларни Комил Алламжонов томонидан асос солинган компаниялар томонидан сотиладиган “Солиқ-инфо” газетасига обуна бўлишга ва BЕМ бухгалтерия дастурий таъминотини сотиб олишга мажбурлаган. Мажбурий савдо Комил Алламжонов Давлат солиқ қўмитаси Ахборот хизматига раҳбарлик қилган кезларда юз берган. Мақолада қўшимча қилинишича, “бу Алламжонов компаниялар томонидан фойда олиш мақсадида амалга оширилган мажбурлов ҳаракатларидан хабардор бўлганини исботламайди”.

Бу айбловга жавобан Алламжонов Twitter’да Ласслетт билан ёзишмалар чоғида солиқ органлари мажбурлаш ҳуқуқига эга эмаслигини айтиб ўтган.

“Сизда тадбиркорлар обунадан бош тортгани учун Давлат солиқ қўмитасидан санкция олганига асосли далиллар борми? Ўша пайтда солиқ органлари фаол маҳаллий тадбиркорларга фаолиятни ахборотлаштиришда ва бухгалтерларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда кўмак берган. Дастлаб солиқ тўловчилар орасида обуна бўлиш учун тавсия қилинган “Солиқ ва божхона янгиликлари” газетаси, “Norma” ҳуқуқий тизими, кейин “Солиқ-инфо”, BЕМ ва бошқалар бўлган. Ўша вақтда обунага тавсия одатий амалиёт бўлган. Бироқ тадбиркорлар ҳам тез-тез обунадан бош тортган, ҳар ким маълумотни қаердан олишини ўзи танлаган, дея фикр билдирган Комил Алламжонов.

Шунингдек, у мамлакатнинг ҳар бир солиқ органи ходими мансабни суистеъмол қилмаслик ҳақида қатъий огоҳлантирилганини эслатган. Мажбурлов ҳолатлари тасдиқланган тақдирда, улар жазоланган. таъкидланишича, “бундай лойиҳаларнинг катта қисми кўп йиллар аввал ёпилган”.

Суришитрувда, 2017 йилда Комил Алламжонов Ўзбекистон Президентининг Матбуот котиби этиб тайинланишидан икки ой аввал у томонидан асос солинган “Avtotest” автомактаби профессионал ҳайдовчиларни (мажбурий) қайта тайёрлаш бўйича монополияни қўлга киритгани айтилган.

Мақолада қайд этилишича, 2020 йилда “Алламжоновга жуда яқин бўлган компания тендерсиз даромадли буюртма олган — қоғоз кадастр паспортларни пластик кадастр паспортларига алмаштириш бўйича лойиҳа”. Гап GID Systems Ташкент компанияси ҳақида кетмоқда.

“Менинг бу компанияга алоқам йўқ. Мен на ходим, на директор, на таъсисчи, на бенефициар ҳисобланмайман. Мен шунчаки кўплаб дастурий таъминотлар муаллифиман, шу жумладан, мазкур компания мендан сотиб олган дастурий таъминотнинг ҳам”, дея таъкидлаган Алламжонов.

Маълумот учун, Комил Исмоилович Алламжонов 2018 йилнинг ноябридан 2019 йил январигача Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори лавозимида фаолият юритган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Комил Алламжонов

Баҳолаганлар

190

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг