... 2018 йил – “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Энди жигар кўчириш учун Ҳиндистонга чопмаймиз. Ўзбекистонда жигар трансплантацияси ўтказилди


15:50, 14.02.2018 Саломатлик
 3 652

Ака ўз укасига жигар трансплантациясида донор бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва бевосита топшириғи Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида бир қатор ижобий ўзгариш ва янгиланишларга сабаб бўлмоқда.
 
Хусусан, мамлакат тиббиёти тарихида илк бор инсон аъзолари трансплантацияси бўйича замонавий операциялар амалга оширила бошлади.


 
Шунингдек, ўтган йилдан бошлаб Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия марказида яқин қариндошлар ўртасида буйрак кўчириб ўтказиш бўйича операциялар муваффақиятли бажариб келинмоқда.
 
Кеча, 13 февраль куни марказда Ўзбекистон тиббиёти тарихида биринчи марта  беморга тирик донор қариндошидан жигар бўлагини кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.


 
Операция марказ директори, академик Феруз Назиров ва россиялик академик Сергей Готье раҳбарлигида ўтди.
 
Паркентлик 26 ёшли бемор Убайдулла Дадахўжаев узоқ йиллардан буён жигар циррози хасталиги билан оғриган ва уни даволаш деярли имконсиз эди.
 
Бу жараён ҳақида академик Феруз Назиров қуйидагиларни маълум қилди:


 
“Жигар циррози билан оғриган бемор ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона йўли — трансплантация амалиётини ўтказиш ҳисобланади.
 
Марказимизда ўзбек ва рус жарроҳлари ҳамкорлигидаги гуруҳ иштирокида илк бор жигар циррози билан оғриган 26 ёшли беморга унинг акаси 30 ёшли Ҳаёт Дадахўжаев донорлигида жигар бўлаги трансплантацияси бажарилди.
 
Жараёнда 21 нафар шифокор, 10 нафар ўрта тиббиёт ходими иштирок этишди.
 
Айтиб ўтиш лозимки, ушбу соҳа бўйича бизнинг ёрдамчи мутахассисларимиз АҚШ, Франция, Жанубий Корея, Туркия, Швейцария ва Россия Федерацияси каби давлатларда малака ошириб қайтишган эди.
 
Аввало, донор ва реципиент (бемор) ушбу амалиётга  3 ой давомида тайёрланди.
 
Трансплантацияга кўрсатма ва қарши кўрсатмалар тўлиқ ўрганилди ва амалиётни ўтказиш бўйича якуний қарор қабул қилинди.
 
Операция жараёни қарийб 15 соат давом этди. Ҳозиргача олинган барча таҳлиллар бемор ва донорнинг умумий саломатлиги яхши эканини кўрсатмоқда. Шу маънода айта оламизки, биринчи марта ўтказилган ушбу мураккаб операция муваффақиятли бажарилди.
 
Бундай юқори технологик операциялар Америка, Россия, Германия, Норвегия, Швейцария ва Ҳиндистон каби тиббиёти ривожланган давлатлардагина бажарилади, холос. Бугун юртимиз ушбу мамлакатлар қаторидан жой олди.
 
Трансплантация жарроҳлиги замонавий тиббиётнинг истиқболли йўналишларидан бири. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу соҳа ривожига давлат даражасида эътибор қаратиб келаётгани ҳам унинг нақадар муҳимлигини исботлайди”.
 
Ушбу жарроҳлик амалиёти Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш соҳасидаги муҳим ўзгаришлар билан белгиланади.
 
Республика Соғлиқни сақлаш тизимида бундай янгича  амалиётларнинг мувафаққиятли кечиши аҳоли учун, аввало, иқтисодий енгиллик бўлади. Бу эса Республикада инсон омилининг олий қадриятлигини белгилайди. Ҳаёт Дадахўжаев ўз укасига том маънода ҳаёт бахш эта олди. Келгусида бу йўналишдаги ишларнинг давомий бўлишига ишонамиз. 
Икром Раҳмон

Теглар:жигар Феруз Назиров Соғлиқни сақлаш вазирлиги Убайдулла Дадахўжаев Ҳаёт Дадахўжаев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!