Молия вазирлигига қатор функциялар юклатилди
Жамият
−
25 Февраль 2020
8765Жорий йилнинг 24 февраль куни “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар 2021 йил 1 январдан бошлаб, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этади. Бундан ташқари, 2021 йил якунларидан бошлаб молиявий ҳисоботни МҲХС асосида тайёрлайди (қонун ҳужжатларида МҲХСга ўтишнинг эртароқ муддатлари назарда тутилган юридик шахслар бундан мустасно).
Шунингдек, 2021 йил якунига қадар "МҲХС бўйича молиявий ҳисобот" фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисидаги ҳужжатга ёки халқаро бухгалтер сертификатига эга камида 3 та мутахассис миқдорида МҲХСни сифатли қўллаш учун етарли бўлган бухгалтерия хизмати ходимлари фаолиятини таъминлайди.
Қарорга кўра, молиявий ҳисоботни ихтиёрий равишда МҲХСга мувофиқ тайёрлайдиган тадбиркорлар бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари бўйича молиявий ҳисобот тақдим этишдан озод этилади.
Маълумотларга кўра, Молия вазирлиги МҲХСни жорий этиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди ва унга қатор функциялар юклатилди.
“2021 йилдан бошлаб, МҲХС ва аудитнинг халқаро стандартлари бўйича ўқитиш фақат бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро ташкилотнинг аккредитациясидан ўтган ўқув марказлари томонидан амалга оширилади”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлган талабгорлар ОТМлар магистратурасининг "Бухгалтерия ҳисоби" ва "Аудит" мутахассисликларига кириш имтиҳонларини топширмасдан тўлов-контракт асосида кириш ҳуқуқига эга бўлди.
LiveБарчаси