Озодбек Назарбековнинг илк видеоселекторида нималар муҳокама қилинди?

Маданият-санъат

image

Бугун, 28 январь куни Маданият вазирлигида шаҳар ва вилоят бошқармалари, тизимнинг барча ходимлари қатнашган видеоселектор бўлиб ўтди. Унда маданий мерос объектлари фаолиятини ривожлантириш, тарихий иншоотларни, уларнинг туристик салоҳиятини чуқур ўрганиб, туризм маршрутига киритиш бўйича таклифлар бериш масаласи муҳокама этилди.

Шунингдек, соҳадаги муаммолар, камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар билдирилди. Мақом санъатини ривожлантириш, турли танловлар ташкил қилиш, бахшичилик санъатини юксалтириш бўйича фикрлар ўртага ташланди.

Маданият вазири вазифасида иш бошлаган Озодбек Назарбеков вазирлик тизимини буткул ислоҳ қилиш бўйича ўз фикр ва амалга оширилиши лозим бўлган ишлари ҳақида ҳам алоҳида тўхталди.

"Видеоселектордан асосий хулосангиз адолат бўлсин. Маданият тизимида коррупция урчиб кетган, ҳамма ўз этагини йиғиштириб олсин. Аввало, шу соҳани коррупциядан тозалашимиз лозим. Маданият вазирлигидан то энг қуйи тизимгача адолат ўрнатилади. Ким менга дўст бўлса, мен томонда турсин, ёки у менга душман бўлади. Президент менга ишонди, адолат ўрнатади, деб ишонди. Бу ёғига адолат тўнини кийиб, маърифат қиличини баланд кўтариб тизимни тозалаймиз. Коррупцияга қарши курашишда эса менга ҳалол жамоа керак. 

Президентимиз айтган ҳалоллик вакцинаси нима? У, аввало, кўнгилни тозалаш, ҳаромни нима эканини англаб ундан ҳимояланишдир. Фарзандларингизга ҳалол луқма едиринг. Бу борада республика маданият ходимлари барчага ўрнак бўлиши лозим. 

Адолат тўнини кийиб, маърифат қиличини баланд кўтариб маданият тизимини коррупциядан тозалаймиз!", деди Маданият вазири вазифасида иш бошлаган Озодбек Назарбеков.


Мақола муаллифи

Теглар

Маданият вазирлиги Озодбек Назарбеков

Баҳолаганлар

275

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг