Ўзбекистонга коронавирусга қарши кураш тажрибаси бор туркиялик мутахассислар келди

Жамият

image

Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашда кўмаклашиш учун Туркиядан мутахассислар келди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Икки давлат Соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида коронавирус инфекциясига қарши кураш борасида эришилган келишувларга асосан юртимиздаги COVID-19 га қарши кураш марказий штабига коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш бўйича консультантлари сифатида турк мутахассислари ташриф буюрдилар.

Улар орасида Туркиянинг Медипол университети илмий кенгаши аъзоси, юқумли касалликлар бўйича мутахассис, профессор Режеп Озтюрк, Хасеттепе университети илмий кенгаши аъзоси, жамоатчилик саломатлиги бўйича мутахассис, профессор Левент Акин ва Анқара шаҳар шифохонасининг юқумли касалликлар бўйича мутахассиси, профессор Хатице Рахмет Гюнер бор.

Учрашув иштирокчилари янги коронавирус инфекциясини профилактикаси ва даволашнинг амалий жиҳатлари, ушбу соҳадаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишди.

Туркия мутахассислари билан соғлиқни сақлаш соҳасида кенг ҳамкорлик йўлга қўйилгани таъкидланди. Бунда таълим соҳасидан тортиб, ихтисослашган тиббиёт муассасалари ўртасидаги тажриба алмашув, мураккаб жарроҳлик амалиётларини биргаликда ўтказиш, тиббий жиҳозлар билан таъминлашгача  йўналишлар қамраб олинган.

Томонлар турли ёшдаги беморларда COVID-19 касаллиги, янги турдаги коронавирус инфекциясининг характерли белгилари, ушбу касалликнинг ўзига хос белгилари, диагностика усуллари, даволаш протоколлари, соғайган беморларни кузатиш ва бошқа мавзуларни муҳокама қилдилар. Реанимация бўлимларида ўта оғир беморларни даволашнинг сўнгги усулларига алоҳида эътибор қаратилаётгани айтилди.

Ташриф давомида турк мутахассислари тиббиёт муассасалари, жумладан бирламчи тиббиёт муассасалари ва Тошкент вилояти Зангиота туманида барпо этилган кўп тармоқли махсус шифохона иш фаолияти, касалланган беморларни даволаш баёнлари, юртимизда коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ бўлган эпидемиологик вазиятни батафсил ўрганиб чиқадилар, илмий-амалий тадбирларда иштирок этадилар ҳамда юртимизнинг турли ҳудудларида даволанаётган аҳволи ўта оғир беморларнинг ҳолатини яхшилаш мақсадида онлайн видеоконференциялар ўтказадилар. 

Шунингдек, Туркия Республикасининг COVID-19га қарши курашда ижобий тажрибаларини Ўзбекистонда қўллаш имконияти кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Аввалроқ, Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашда кўмаклашиш учун Жанубий Кореядан мутахассислар келганди. Кейинроқ эса биринчи гуруҳ ўз ўрнини иккинчи гуруҳга бўшатганди.

Маълумот учун, Туркияда ҳам коронавирус маълум вақтда жудаям авж олди. Аммо мамлакатда 2,5 ойлик қаттиқ карантин режимидан кейин вазият ўнглана бошлади. Бугунгача Туркияда 223 315 кишида коронавирус аниқланди. Уларнинг 5 563 нафари вафот этди ва 206 365 нафари соғайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

129

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг