Энди қишлоқ хўжалиги ерлари янги механизм асосида ажратилади
Жамият
−
29 Январь 2020
6659Жорий йилнинг 28 декабрь куни “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2020 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб тажриба-синов тариқасида Тошкент вилоятининг Қибрай ва Тошкент туманларида, Фарғона вилоятининг Фарғона ва Олтиариқ туманларида ҳамда Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Нишон туманларида жисмоний ва юридик шахсларга ер участкаларини қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун шаффоф ва очиқ танлов ўтказиш орқали ажратиш механизми жорий этилади.
Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахсларга кейинчалик танловга қўйиш бўйича ташаббус кўрсатиш ҳуқуқини тақдим этган ҳолда махсус геопортал орқали ер участкаси тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ҳуқуқининг бозор қийматини баҳолаш ҳамда улардан солиққа тортишда фойдаланиш механизми қўлланилади.
Қарорга мувофиқ, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларнинг ваколат ва фаолият йўналишлари функционал баҳолаш мезонлари асосида қайта кўриб чиқилади.
2020 йил 1 майга қадар етакчи хорижий консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда соҳада давлат бошқаруви тузилмасини такомиллаштириш бўйича чоралар амалга оширилади.
2020 йил 1 мартдан бошлаб агросаноат мажмуига кирувчи илмий, илмий-тадқиқот ва илмий-тажриба муассасаларининг бино ва иншоотларини сақлаш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий молиялаштириш шартларига ўтказилади.
Қарор билан 2020-2021 йилларда Давлат бюджети ҳисобидан базавий молиялаштиришга ўтказиладиган агросаноат мажмуи таркибига кирувчи илмий-тадқиқот муассасалари рўйхати тасдиқланди.
LiveБарчаси